ICT Week доирасида эълон қилинган энг йирик янгиликлардан бири — Ўзбекистонда миллий маълумот марказлари барпо этилиши ҳақида бўлди.
Лойиҳани Саудия Арабистонининг DataVolt компанияси амалга оширмоқчи. Инвестициялар ҳажми $6,5 миллиардгача баҳоланмоқда. Марказлардан биринчи оператор сифатида эса Uzum экотизими танланди.
Бу билан мамлакатимизда янги босқичга қадам қўйилмоқда — суверен рақамли инфратузилма яратилади. Энди миллий компаниялар ўз маҳсулотларини ташқи серверларга қарам бўлмасдан, Ўзбекистоннинг ўзида жойлашган замонавий қувватлар орқали ривожлантира олади. Айниқса, сунъий интеллект, саноат ва давлат хизматлари учун бу катта имконият очади.
DataVolt — дунёдаги етакчи маълумот марказлари қурилишида иштирок этиб келаётган йирик компания. АҚШ, Ҳиндистон ва Саудиядаги марказлар, шу жумладан машҳур NEOM шаҳар-лойиҳаси уларнинг тажрибаси қанчалик катта эканини кўрсатади.
Фикримча, бу ташаббус нафақат технология соҳаси, балки иқтисодиётнинг барча тармоқлари учун янги тараққиёт босқичини англатади. Миллий маълумот марказлари — бу хавфсизлик, ишонч ва рақамли тараққиётнинг узоқ муддатли кафолати.
Қисқаси, келажак иқтисодиёти учун зарур инфратузилма энди ўзимизда қуриляпти.