«Вақтида мурожаат қилмай, уйида даволанган» деган марҳум беморни касалхоналар бир неча бор қабул қилмаган
"Яқин қариндошим уч-тўрт кун уйда иссиғи чиқиб, йўталди. Ҳарорати тушавермагач, охири тез ёрдам чақирдим. Аввал шаҳар касалхоналаридан бирига олиб боришди, у ерда коронавирус тести натижасига қараб олиб қолишлари мумкинлиги, боз устига муассасада сунъий нафас олдириш аппарати йўқлигини айтиб, қабул қилишмади. Шундан кейин шаҳарнинг бошқа касалхонасига олиб бордик. У ерда: «Қариндошингизда коронавирус йўқ» деб, уни қабул қилмай, рецепт ёзиб, уйда даволаниш учун қайтариб юборишди. Кечга яқин иссиғи тушавермади, нафас олиши эса оғирлашаверди. Бу сафар хусусий клиника тез ёрдам машинасини чақириб, яна бояги (иккинчи борганимиз) шаҳар касалхонасига бордик. Яна қабул қилишмади."
"Орадан уч кун ўтиб, унинг аҳволи баттар оғирлашди. Тез ёрдам чақирдик, уч кун аввал икки марта борсак-да қабул қилмаган касалхона бу сафар қабул қилди, реанимацияга ётқизишди. «Қабул қилса бўларкан-ку», деб ҳайрон қолдик, аҳволи шунчаликка бормагунча қабул қилишмади-я. Ўша куни, касалхонага ётқизилганидан кўп ўтмай, жони узилди. Коронавирусга топширган таҳлили эса эртасига чиқди. Майитни олиб чиқиб кетишга ҳам қийналдим — бир кун қолиб кетди. Лекин мени энг қийнаган нарса — Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳеч нарсани ўрганмай, нотўғри ахборот тарқатгани."
https://daryo.uz/k/2020/07/13/ozssv-vaqtida-murojaat-qilmay-uyida-davolangan-degan-marhum-bemorni-kasalxonalar-bir-necha-bor-qabul-qilmagan/