Ўзсаноатқурилишбанкнинг халқаро капитал бозорида дадил қадами — иқтисодий ривожланишда янги босқич
Жорий йил октябрь ойида Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) Лондон фонд биржасида қиймати 300 миллион АҚШ долларига тенг бўлган биринчи даражали қўшимча капитал (AT1) халқаро облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди.
Биринчи даражали қўшимча капитал халқаро облигациялари муддатсиз, субординар (таваккалчилик даражаси юқори) молиявий инструмент ҳисобланиб, тижорат банкларининг регулятив капитал таркибига киради.
Мазкур амалий қадам банкнинг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, халқаро бозорда замонавий молиявий инструментларни жорий этиш ва Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини ошириш йўлида муҳим босқич бўлди.
Еврооблигацияларни жойлаштириш жараёнида
22 та давлатдан 130 дан ортиқ инвесторлар
иштирок этди. Улар томонидан келиб тушган таклифлар умумий
1,4 миллиард доллардан ортиқ бўлиб
, белгиланган миқдордан
4,8 баравар кўпни
ташкил этди. Юқори талаб натижасида облигациялар бўйича фоиз ставкаси
9,75–10 фоиздан 9,45 фоизга
пасайтирилди.Инвесторлар географияси кенг қамровли бўлиб, уларнинг 45 фоизи Буюк Британия, 28 фоизи АҚШ, 8 фоизи Бирлашган Араб Амирликлари, 6 фоизи Швейцария ва бошқа мамлакатлардан бўлди. Жойлаштириш жараёнида “Citibank”, “J.P. Morgan”, “Societe Generale”, “Standard Chartered”, “Raiffeisenbank” ва “Mashreqbank” каби жаҳоннинг етакчи молия институтлари воситачи сифатида иштирок этди.
2024 йилда Грузиянинг TBC Bank шундай турдаги B2 даражали облигацияларни 10,2 фоиз, жорий йилда Туркиянинг Sekerbank ССС даражали облигацияларни 10,8 фоиз ставкада жойлаштирган эди. SQB’нинг бу галги натижалари халқаро молия бозоридаги юқори ишонч ва мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигининг амалий тасдиғи бўлди.АТ1 халқаро облигацияларини муомалага чиқариш қуйидаги имкониятларни яратди:
1.
Банкнинг биринчи даражали регулятив капитали Базель III халқаро стандартларига мувофиқ ошди. Бу молиявий барқарорликни таъминлаш ва рискларни диверсификация қилишда муҳим омил бўлди.
2.
Капитал етарлилик кўрсаткичи
15,9 фоиздан 19 фоизга
(ўсиш 3,1 фоиз)
, биринчи даражали капитал етарлилиги эса
11,3 фоиздан 14,7 фоизга
(ўсиш 3,4 фоиз)
етди.
3. Қўшимча кредит имконияти:
мазкур натижа банкка 2026–2027 йиллар давомида қўшимча
2,1 миллиард АҚШ доллари
миқдорида кредитлар ажратиш, шу орқали тахминан
80 миллион долларлик
соф фоиз даромадини шакллантириш имконини берди.
4. Инвестиция фаолиятини кенгайтириш:
кредит қўйилмаларининг ўсиши мамлакатдаги ишлаб чиқариш ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни янада кенгайтиришга замин яратди.
5. Тизимли аҳамият:
мазкур тажриба давлат иштирокисиз капитал жалб қилиш ва бозор механизмларига асосланган молиявий барқарорликни таъминлаш йўлида бошқа тижорат банклари учун ҳам намуна бўлиб хизмат қилмоқда.АТ1 халқаро облигациялари эмиссияси Ўзсаноатқурилишбанкнинг молиявий салоҳиятини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.