Ягона имтиҳон марказининг "мижозлари" кескин ошадими?
2026 йил 1 апрелдан махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисоблаш бошланади.
Ўзбекистонда йўл қоидабузарликларининг ўртача 75% қисми видео ва фотокамералари орқали қайд этилади. Янги қоидаларнинг кучга кириши жарима баллари 12 баллдан ошиши жараёнининг тезлашиши ва транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан камида 6 ойга маҳрум қилинувчилар сонининг кескин ошишига олиб келади.
Жарима баллари сабаб ҳуқуқдан маҳрум бўлган ҳайдовчилар эса қайта имтиҳон топширишга мажбур.
Яъни, эҳтимоли юқорики, монополист деб эълон қилинмаган монополист — Ягона имтиҳон маркази "мижозлари" кескин, балки каррасига ошади.
Хўп, қоидабузарлар жазоланиши лозим ва лобуд, буни ҳеч ким саволга қўймаяпти. Лекин нега қоидабузарлар яна имтиҳон топшириб "права" олиши керак? Қоидабузарнинг қоидабузарлиги унинг малакасини ҳам йўқотиб қўйишга олиб келадими? Агар бу қийшиқ мантиқ тўғри бўлса, олий маълумотлилар ўз касби билан боғлиқ қандайдир ҳуқуқбузарлик содир этса, дипломи бекор қилиниши ва бошқатдан имтиҳонга кириши керакми?
Ёки "нимаики иш қилмайлик, шариатга биноан қиламиз" қоидаси фақат имтиҳон марказларига тааллуқлими?