Давлат хизматларини хусусий секторга ўтказиш янги сунъий монополияларни яратмаслиги керак
Давлат раҳбари 1 мартга қадар 11 та, 1 октябргача яна 18 та давлат хизматини хусусий секторга бериш чораларини кўриш топшириғини бермоқда.
Бу моҳият ва мундарижасига кўра жуда зўр таклиф. Бозор бемалол бажариши мумкин бўлган хизматларни давлат қўлидан рақобатлашувчи хусусий бизнесга ўтказилиши давлатни ихчамлаштиради, иқтисодиётни кенгайтириб ўстиради, рақобат муҳити таъминланса, транзакцион харажатларни қисқартиради.
Лекин Ўзбекистон бюрократияси ҳар доим ҳам Давлат раҳбари берган топшириқларни ҳалол ва самимий бажаравермайди. Ижрога келганда қулоғи яққол кўриниб турадиган тор манфаатлар тиқиштириб юборилади.
Узоққа бормайлик, автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш хизматини давлат қўлидан хусусий қўлларга ўтказишда худди шундай тескари ва зарракунанда иш бўлган.
Президент қарорида аниқ қилиб ёзиб қўйилган: "тегишли ҳудудларда давлат функциялари ўтказилаётган соҳаларда етарли миқдорда хусусий сектор субъектлари ташкил этилгунига қадар мазкур функцияларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилади". Яъни, айтайлик, Тошкент вилоятида 6та Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш марказлари фаолият кўрсатган бўлса, демак, Тошкент вилоятида камида 6та хусусий имтиҳон маркази ташкил бўлмагунча, давлатнинг марказлари тўлиқ ёпилмаслиги керак эди. Амалда ғирт тескариси юз берди, ягона Имтиҳон маркази очилиши билан, қолган барча давлат марказлари бир кунда ёпиб ташланди. Натижада биз коррупциялашган давлат хизмати ўрнига каррасига қиммат, рақобатдан ташқаридаги имтиҳон монополиясига рўпара қилиндик. Олдинга ўтиб шуни айтиш мумкинки, корчалонлар иштаҳа сақлаётганига қараганда, энди худди шу методичка автомактабларга ҳам кўчиши мумкин.
Ўзи умуман олганда, давлат хизматлари хусусий қўлларга топширилганда, хизматлар сифати ошиши, нарх эса рақобат туфайли тушиши керак, акси эмас ("хусусий қўлларга топширилган" имтиҳон марказлари ва авторақамлар билан бўлгани сингари нарх аррасига ортиши керак эмас).
Умид қиламизки, давлат хизматларини хусусий секторга ўтказишда аввалги хатоларга йўл қўйилмайди, рақобат пайдо бўлмагунча, параллел равишда давлат хизматлари ҳам фаолият кўрсатиб, ишлаб туради. Биратўла имтиҳон марказлари мисолида онгли равишда йўл қўйилган ва ўзбекистонликларга жуда қимматга тушаётган кулфат хатолар ҳам бартараф этиб кетилса, нур устига аъло нур бўлади.