Олқишлардим, агар фуқароларда битта эмас, бир нечта танлов қолдирилган бўлганида
Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон олувчи марказ билан боғлиқ масалада умумий эътирозларимни шу ерда ҳам қайд этиб қўйишни лозим топдим.
Аввало таъкидлаб ўтишни истайман, мен доим
яхши қарайман, агар ўзгаришлар фуқароларда хизмат ё товар олиш учун бир нечта танлов қолдирса ёки танловлар имконияти ва сонини оширса. Акс ҳолда, бу фақат умумий зиёнга ишлайди.
Чунки сифатсиз ва коррупцион давлат хизмати хусусий монопол хизматга алмаштирилса, монополист ютади, қолган барча ютқазади.
Кўпчилик эътибор берган бўлса,
техник кўрик ўтказиш масаласида ҳам шундай нотўғри, зарарли иш қилинди. Бу ишнинг ҳудудлардаги монопол хусусий операторларга топширилиши хизмат сифатини аввалгидан кўра янада ёмонлаштирди, қимматлаштирди.
Афсуски, имтиҳон олиш ҳуқуқини хусусий субъектларга бериш бўйича ҳам худди шу йўлдан кетилмоқда.
Мендаги саволлар.
Биринчидан, имтиҳон олиш ҳуқуқини тақдим этиш нега ё танлов/тендер асосида ё лицензиялаш асосида юз бермади. Ҳукумат қарорида, на тендер, на лицензиялаш кўрсатилмаган дейишингиз мумкин, лекин ҳукумат қарорлари ташаббускорлари асосан кимлар бўлишини сиз жуда яхши биласиз. Кимки соҳани ўзиники қилмоқчи бўлса, ташаббусни ўша кўрсатади, қарорниям ўша тайёрлайди бизда.
Иккинчидан, нега агар имтиҳон олиш ҳуқуқини олишга талабгор биттагина бўлса, қолган барча ГАИ пунктлари бир кунда ёпилиб, барча ваколат шу биттагина субъектга топширилди? Нега имтиҳон топширувчиларда танлов қолдирилмади яна. Ўша компания шунчалик илғор бўлса, очиқ рақобатда кўрсатсин эди ўзини.
Учинчидан, нега кеча бўлиб ўтган ишлар рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ эмаслигига эътибор қаратилмаяпти? Нега хусусий монополия сифатни яхшилайди, деган ахмоқона хатога яна ва яна йўл қўяверамиз? Нега ҳукумат унинг асосий вазифаларидан бири, кимларгадир преференция яратиш эмас, рақобатни қўллаб-қувватлаш эканини ёддан чиқараверади?
Қолган саволларни Шаҳноза Соатова ҳам кўтарипти, такрорлаб ўтирмадим.
@the_bakiroo
- https://t.me/shahnozxon/2137@shahnozxon