Вазирга уч савол
Бугун соат 11:00да Адлия вазири Русланбек Давлетов Жамоатчиликка ҳисобот доирасида ОАВ вакиллари билан очиқ матбуот анжумани ўтказар экан.
Жасоратли, очиқлик анъанасини яратадиган, олқишлаш лозим бўлган ҳаракат бу.
Менда ҳам вазиримизга бир нечта саволлар бор. Анжуманда қатнашувчи журналист ва блогерларда ҳам балки бу саволлар бордир.
Биринчи саволим Махсус комиссия билан боғлиқ. Ташкил этилганига 2 йилдан ошган Махсус комиссия (тўғри, унинг таркибида Адлия вазирлиги вакили йўқ) гарчи ваколатлари на қонунларда, на Конституцияда кўрсатилган бўлса-да, ўтган давр мобайнида иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт, ҳаракатланиш ва инсон ҳуқуқларини чеклаш, тартибга солиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Махсус комиссияни ташкил этиш бўйича фармойишда унинг бу бўйича ваколат ва айниқса жавобгарлиги кўрсатилмаган. Дунё тажрибасига қарасак, бирон бир давлат бундай гибрид структурани яратгани йўқ, пандемия ва постпадемия даврида барча масалалар қонунлар бўйича масъулият, мандат ва ваколатларга эга ҳукумат тарафидан амалга ошириб борилмоқда. Шу маънода Махсус комиссияни тугатиш вақти етиб келмадимикан? Яна бир масала. Ўтган давр мобайнида комиссия қабул қилган қарорлар ва уларнинг мазмуни аввал махсус Коронавирус.инфо телеграм каналида, ушбу телеграм канал сотиб юборилгач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали эълон қилиб борилди. Менга ва ўзбекистонликларга қизиқ, 2 йилдан буён бизнинг ҳаётимизга аралашиб, чеклаб, тартибга солиб келаётган комиссиянинг қарорлари имзоланган, рақамланган, рўйхатга олинган ва реестрга солинган ҳолда бирор бир база ва платформада сақланганми?
Иккинчи савол Фармойиш тарзида қабул қилинаётган Ҳукумат директиваларига оид. Фармойиш кўринишидаги ҳужжатлар Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қаторига кирмайди, шунинг учун очиқ эълон қилинмайди. Лекин Вазирлар Маҳкамаси жуда кўп иқтисодий, молиявий ва хўжалик фаолиятига оид, айни вақтда бажарилиши лозим бўлган директиваларни Фармойиш кўринишида расмийлаштириб келади. Бу кўпинча миллиардлаб ва триллионлаб қийматга эга давлат буюртмаси, тендерсиз пудратчи танлаш, конкурс ва танловларсиз лойиҳаларни амалга оширишга боғлиқ бўлади. Кейинги пайтда, айниқса пойтахтда амалга оширилаётган энг йирик лойиҳаларнинг қайси бирини қараманг, уларни амалга ошириш Фармойиш билан расмийлаштирилган. Бу жамоатчиликда қатор ноқулай саволларни яратади. Ҳам қонунчилик узвийлиги, ҳам шаффофлик нуқтаи назаридан бундай амалиётган чек қўйиш вақти етмадимикан? Ё Ҳукумат фармоийшларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қаторига қўшиш керак ёки иқтисодий, молиявий ва хўжалик фаолиятини қамраган ишларда ҳийлаи-Фармойишлар билан ишлашдан воз кечиш керак. Сиз нима деб ўйлайсиз?
Учинчи савол, ҳукумат қарорларини коррупцияга мойиллик ёки рақобатга зидлиги бўйича экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ. Кейинги пайтда рақобатни чеклаш ва янги монополияларни пайдо бўлиши билан боғлиқ оғриқли, масалан, UzIMEI, Ягона имтиҳон маркази ёки Ягона лаборатория Маркази каби тузилмаларнинг пайдо бўлиши туб илдизи бу бўйича қабул қилинган ҳукумат қарорларига бориб тақалади. Яъни тегишли қарорларни қабул қилишда ҳужжатлар ё тегишли экспертизадан ўтмаган ё лозим даражада ўрганилмаган. Албатта, сиз айтишингиз мумкин, бу ишга масъул тегишли агентлик ёки қўмита бор деб. Лекин масала шундаки, бу борадаги ҳукумат қарорлари Рақобат тўғрисидаги аввал қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳарфи ва руҳига ҳам зид. Шу маънода ҳукумат қарорларини ҳуқуқий, коррупцияга мойиллик ёки лобби, рақобатни чеклаш ва бошқа салбий оқибатларига оид ялпи экспертизадан ўтказиш вазифаси, масъулиятлар парчаланиб кетмаслиги учун, қандай тарзда амалга оширилиши ва кимларда бўлиши керак деб ҳисоблайсиз?
@the_bakiroo