Махсус комиссия тугатилиши керак!
Ўқувчилардан бири савол бериб қолди:
Дўконларни дезинфекция қилиш мажбурийми?
Тўғриси, бу саволга жавобни билмайман. Бу саволни мен учун легитимлиги ҳалиям савол остида бўлган Махсус комиссияга бериш керак, дея ўқувчига маслаҳат бердим.
Мени 1,5 йилдан бери қийнаётган савол шуки, нега бутун дунёда коронавирус билан боғлиқ декрет, фармойиш ва қарорларни амалдаги ҳукуматлар қабул қилмоқда. Бизда, Ўзбекистонда эса норасмий ваколатлари бир дунё, лекин савол остида бўлган, мажбуриятлари асло йўқ Махсус комиссия?
Яқинда шу комиссия вакцинациядан ўтган талабаларга 10%лик чегирма белгилаб берди. У шунга ваколатли эдими?
Мана Махсус комиссияни тузиш бўйича фармойиш. 2020 йил 29 январда қабул қилинган. Комиссиянинг вазифаларига кўз югуртиринг. Бу ерда комиссиянинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий аҳамиятга эга чекловларни ўрнатиш ваколати қайд этилганми? Йўқ! Йўқ ва яна йўқ!
Ўтган бир ярим йилда Махсус комиссиянинг телба-тескари, иқтисодиёт учун зарарли, коррупцион элементларни эга, оқибатлари тўғри баҳоланмаган, натижалари инсонлар ўлими ва касалланиш даражаси ортишига олиб келган ўнлаб қарорлари қабул қилинди.
Махсус комиссия бунга жавоб бердими?
Бу номи улуғ комиссиянинг қарорларини тафтиш қилиш, тийиб туриш, баҳолаш ваколати ҳеч кимда йўқ. Комиссия қарорларини қаердан топишни билмайсан ҳатто.
15 ой давомида комиссия қарорлари қанақадир телеграм каналда чоп этиб келинди. Кейин бу телеграм канал сотиб юборилди.
Масалан, махсус комиссиянинг 2020 йил 8 июлдаги ёки 2020 йил 26 июлдаги қарорини топишга уриниб кўринг. Қандай ҳаволаларга рўпара бўлдингиз?
Кулишниям, йиғлашниям билмайсан.
Ҳукумат, бизга у қанча ёқсин ё ёқмасин, ҳар бир қарори ва ҳаракати учун масъулиятли. Оқибатларини ўзида хазм этишга мажбур.
Ҳукумат хато қарор ва ҳаракатлар учун фасад кўринишида бўлса ҳам Парламент ва Халқ олдида жавобини беради.
Махсус комиссия-чи?
Шундай экан, Махсус комиссия, унинг барча вазифалари Ҳукуматга ўтказилган ҳолда, тугатилиши керак.
Ҳеч бир орган ўтган 5 йилда Махсус комиссия каби давлат сиёсати ва унга бўлган халқ ишончини бунчалар дискредитация қила олгани йўқ. Парламентимиз, агар бунга ирода ва куч топа олса, Махсус комиссиянинг 1,5 йиллик фаолиятига баҳо бериши лозим. Майли ҳеч кимни жазоламасин, лекин ҳеч қурса сиёсий баҳо керак. Қайта бунақа хато қилинмаслиги учун!
@the_bakiroo