Яна қайтараман: Махсус комиссия тугатилиши керак!
Махсус комиссиянинг "5 доллар қонуни" 10 кун ўтиб тугатилди. Ҳозир ҳамма хурсанд, гўёки ҳеч нима бўлмагандек ёки ғалаба қозонганимиздек. Йўқ, хурсанд бўлишга ва ғалабани нишонлашга арзимайди.
Чунки "5 доллар қонунини" жорий этганлар ва ўтган 10 кунда ўзбекистонликлар ва меҳмонларга зараркунандалик кўрсатишдан 800 минг доллар пул ишлаб олганлар ҳеч қандай масъулиятга тортилгани йўқ. Махсус комиссия яна истиқболда бундай зарарли қарорлар қабул қилишидан ҳеч бир ўзбекистонлик суғурталанмаган.
Ўтган икки йилда Махсус комиссиянинг саволли, кўпинча иқтисодиёт учун зарарли, баъзида коррупцион элементларга эга, оқибатлари тўғри баҳоланмаган, натижалари инсонлар ўлими ва касалланиш даражаси ортишига олиб келган ўнлаб қарорлари қабул қилинди. Хлорлик сув билан ювилган кўчалар эсингиздами? Мажбурий дезинфекция туннеллари-чи? Резинка қўлқоплар? Рухсат этилган оммавий фестиваллар ва тадбирлар, уларнинг ортидан вируснинг ёппасига тарқалиши ёдингиздадир? Умумий овқатланиш, транспорт, етказиб бериш ва кейтеринг хизматлари бўйича иррационал чекловлар билан Махсус комиссия етказган зиённи биров ҳисоблаб кўрдими?
Махсус комиссия бунга жавоб бердими? Йўқ.
Дунёнинг барча мамлакатларида коронавирус билан боғлиқ декрет, фармойиш ва қарорларни амалдаги ҳукуматлар қабул қилмоқда. Чунки улар чиқарган ҳар бир қарори учун сайловчилар ва парламент олдида масъулиятли ва жавобгар.
Шундай экан, Махсус комиссия, унинг барча вазифалари Ҳукуматга ўтказилган ҳолда, тўлиқ тугатилиши керак.
Парламентимиз, агар бунга ирода ва куч топа олса, Махсус комиссиянинг 2 йиллик фаолиятига баҳо бериши лозим. Майли ҳеч кимни жазоламасин, лекин ҳеч қурса сиёсий баҳо керак. Қайта бунақа хато қилинмаслиги учун!
@the_bakiroo