Беш доллар қонуни ёки Махсус комиссия ҳалиям борлигини фақат у келтирадиган зиёнлардан билса бўлади
Анчадан буён Махсус комиссиянинг борлигини, демакки, зараркунандалигини сезмаётгандик.
Охирги марта бу на Конституцияда, на қонунларимизда ваколати кўрсатилган Комиссия ўтган йили июлда емак етказиб бериш хизмати (кейтеринг) билан фақат соат 8:00 дан 23:00 гача бўлган вақтларда шуғулланишлари бўйича чеклов қарори билан иқтисодиётимизга зиён етказганди.
Бугун мана бу комиссия тириклигига, афсуски, яна гувоҳ бўлдик. Янги зарарли қарорга кўра, эртадан бошлаб, Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган фуқаролар киришидан камида 48 соат олдин ПЗР усулида ўтказилган коронавирусга салбий тест натижасини тақдим этишлари керак. Лекин бу, ё худойим, етарли эмас. Қўшимчасига Ўзбекистон ҳудудига киришда қўшимчасига коронавирус инфекцияси мавжудлигини аниқлаш учун экспресс антиген тестини топширишлари шарт.
Экспресс тестнинг қиймати 5 АҚШ доллари.
Мурод Муҳаммад Дўстнинг ўлмас "Лолазор" романида шунақа эпизод бор (уни янги замон эгалари ўқимаганлари аниқ, ўзи улар нимани ўқиган?).
Қаҳрамонлардан бир айтади: Келинглар, буларнинг қўлини кесиб, тирноқларини эговлаб ташлайлик, деган маънода. Муаллиф бошқа бир қаҳрамон сўзлари билан бу таклифга жавоб беради:
Агар қўлини кессак, тирноғини эговлашга не ҳожат?
Агар тирноғини эговламоқчи бўлсак, қўлини кесишга не зарурият?
Лекин бутун дунёда миқёси ва зиёнкорликда ўлчови йўқ Махсус комиссиямиз қўлниям кесмоқчи, кесилган қўлдаги тирноқниям эговламоқчи.
Ё қўлни кесинглар, ё тирноқни эговланглар, дегувчи тирик жон Махсус комиссия таркибида йўқ.
2020 йил декабрдаям тахминан шунга ўхшаган қарор пайдо бўлганди. Воқеалар ривожига қараганда омикрон штамми баҳонасида Махсус комиссияга аффилланган тижорий структураларнинг тўймас иштаҳаси яна бир бор қаттиқ қўзғаганга ўхшайди.
- https://t.me/uzbairportsuz/3280@uzbairportsuz
- https://t.me/the_bakiroo/1851@the_bakiroo