Зарар кўриб ишлаётган заводлар Чирчиққа кўчса, фойдага чиқадими? Ё гап ер майдонларидами?
Бир ҳафта аввал Тошкентдаги Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, «Агрегат заводи», «Технолог» ва «ЎзКлаас Агро» Чирчиққа кўчирилиши, дастлабки харажатлар учун бюджетдан оз эмас, кўп эмас 500 миллиард сўм ажратиш ҳақида айтилганди.
Тошкентдан Чирчиққа кўчадиган тўртта завод ва Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводлари биргаликда кластер ташкил этишлари керак.
Қайд этиш лозимки, очиқ маълумотларга кўра, Чирчиққа кўчирилаётган заводлар зарар кўриб ишлаётган ёки паст рентабелли ишлаб чиқариш субъектларидир. Масалан, Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи (собиқ ТТЗ) 2016 йилни 1,3 млрд.сўм зарар билан якунлаган, тақсимланмаган зарари 4,4 млрд.сўмни ташкил этган. Ушбу заводнинг охирги уч йилдаги молиявий натижалари эълон қилинмаган. Ёки бўлмасам, "Агрегат" заводи 2021 йил 1- чорагини 1,7 млрд.сўм зарар билан ёпган.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, Чирчиққа кўчаётган тўртта заводнинг Тошкентдаги жами ер майдони 67,5 гектарни ташкил этади. Назаримда, қабул қилинган қарорнинг энг муҳим нуқтаси айнан шу ер майдонлари билан боғлиқ.
Табиийки саволлар туғилади.
Биринчидан,
Чирчиққа "бадарға этиладиган" заводлар - Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, «Агрегат заводи», «Технолог» ва «ЎзКлаас Агро»нинг Тошкентда жойлашган ер участкалари нима бўлади? Бу майдонлар очиқ аукционда лотларга бўлиниб сотувга қўйиладими? Ёки аллақачон тор доирада "эгасини" топиб бўлганми, домлар, савдо ва бизнес марказлар қуриш бошланиб кетганми?
Иккинчидан, ўзи зарар кўриб ишлаётган ва кам рентабелли заводлар бошқа жойга кўчса, ҳеч қурса, кўчиш харажатларини қоплашга етадиган қўшимча қиймат яраладими? Бизнес ҳисоб-китоблар, энерготаъминот, Чирчиқ учун қўшимча инфратузилма юкламаси, техник иқтисодий асослаш борми, қаердадир эълон қилиндими?
Учинчидан, Чирчиққа кўчирилаётган заводларнинг давлатдан ташқари акциядорлари ҳам бор. Улар нима дейди? Тепада қабул қилинган қарорлардан оддий акциядорлар розими ўзи?
Тўртинчидан, Чирчиққа кўчадиган заводларнинг турли ҳисоб-китобларга кўра бир неча минг ишчиси бор. Улар Тошкент шаҳрининг турғунлари. Мазкур ишчилар Тошкентдан Чирчиққа қатнаб ишлашга розими? Бунинг ҳисоб-китоби ва афзаллиги қандай?
@the_bakiroo