Биз ўзбекистонликлар "нима ясасак", охирида монополия бўлиб чиқадими?
Руслар нима ясашни бошлашидан қатъий назар, якунда конвейердан танк чиқади, деган латифа юради.
Шу латифани Ўзбекистонга қиёсласак, кейинги, янги дейилаётган даврда нимага қўл урсак, якунда кўраётганимиз монополия ёки шунга ўхшаш аждарҳо нимарса ҳосил бўлмоқда.
Давлат-хусусий шериклик принципларида бошланган ишлар ҳам шу жумладан. Бутун дунёда давлат-хусусий шериклиги рақобатга зиён етказмаган, балки рақобатни қўллаб-қувватлаш принциплари асосида ташкил этилса, бизда акси. Битта бутун бошли соҳа қўш-қўллаб қайсидир хорижлик ўзбек корчалонига топшириб қўйилади.
Биз бир қўлли деб атаган амалда монополияга айланган лабораториялар "қироли" Intermed Innovation уларга жамоатчилик тарафидан қўйилаётган саволларга нисбатан эътирозлар билан чиқипти. Аввал ҳам, ҳозир ҳам менинг асосий эътирозларим Intermed Innovation' кабиларга эмас, шундай зарарли қоидаларни яратаётган, аввалбошдан монополияларнинг "шериги" ўлароқ рақобатни ўлдиришга ҳисса қўшаётган чиновникларга бўлиб келган.
Навбатдаги саволларим ҳам "сен ўзинг аҳмоқ" қабилида эмас:
1. Ҳукуматнинг 674- қарори ва умуман шу соҳадаги ҳужжатлар монополияга қарши ва рақобатни чеклаш нуқтаи назаридан экспертизадан ўтганми? Хулосалар жамоатчиликка очиқланганми?
2. "Intermed Innovation" МЧЖ ҚК қандай йўл билан ёки қандай жараёнлар орқали танлаб олингани ўрганилдими? Танлов жараёни ўтаётганидан, масалан, шу соҳадаги бошқа рақобатчи компаниялар хабардор бўлганми? Нега масалан, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги лабораторияларни шартли 5 ёки 6 та лотга ажратиб алоҳида танловлар эълон қилиш ва ўзаро боғлиқ бўлмаган инвесторларни танлаб олиш мумкин эмас эди? Нега ўша ҳукумат истаётган "намунали лабораториялар"ни рақобат принципларида ташкил этиш мумкин эмас?
3. "Intermed Innovation" МЧЖ ҚК билан тузилган концессия шартлари ўрганилдими? Унинг шартлари нега ҳалигача тўлиқ очиқланмай турибди? Айнан "Intermed Innovation" МЧЖ ҚК танлаб олиниши учун жонажон ҳукуматда ким "ташаббускор" бўлган? Откуда растут ножки?
4. "Intermed Innovation" МЧЖ ҚК ўзининг жавоб хатида аввалги лабораториялар ССВнинг собиқ мулозимларига тегишли экани ҳақида маълумотлар беришган. Зўр, баракалла, сизсиз ҳам буни билардик. Лекин "Intermed Innovation" МЧЖ ҚКнинг ўзи қайси мулозимга, қайси ўзбек амалдорига тегишли экани очиқланадими? Унинг охирги бенефициари ким? Ё буни келаси, янги янги эпохада биламизми?
5. Нима сабабдан кейинги вақтда антимонополия қўмитасининг ҳукумат қарорларининг монополияга зидлиги борасидаги ўрганишлари ва экспертиза фаоллиги сусайиб кетди? Бу фақат лаборатория монополияси эмас, масалан охирги можаро - ягона имтиҳон марказлари ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори ва унинг оқибатларида ҳам кўринмоқда. Қўмита қанчалик мустақил? Қўмита ўзбекистонликларнинг ўзини "монополист эмасман" деб эълон қилаётган монополист аждарҳолардан ҳимоя қила оладими?
@the_bakiroo