18K38Telegramda ochish
Хусусий секторга ўтказилган давлат хизматлари монополиялар яратмаслиги, рақобатли ва табиийки, арзон бўлиши керак! Кечаги йиғилишда Давлат раҳбари яна 10та давлат хизматини хусусий секторга ўтказиш тўғрисида топшириқ берган. Давлат хизматларининг хусусий секторга ўтказилиши охирги йилларда самарасиз бюрократияни камайтириш, давлат харажатларини қисқартириш ва жараёнларни соддалаштириш йўлидаги сиёсатнинг бир қисмига айланган. Айни пайтда давлат хизматларини хусусий секторга ўтказишда қатор бўшлиқ ва хатоларга йўл қўйилмоқдаки, бу ҳақда яна эслатмаса бўлмайди. Биринчидан, қатор давлат хизматларини хусусий секторга ўтказилишида давлат монополияси ўрнини хусусий монополиялар эгалламоқда. Бу жуда ёмон амалиётга айланиб улгурди. Ваҳоланки, Президентнинг тегишли қарорида давлат функциялари ўтказилаётган соҳаларда етарли миқдорда хусусий сектор субъектлари ташкил этилгунига қадар мазкур функцияларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши белгиланган. Яъни, қайсидир давлат хизмати ёки функцияси хусусий секторга берилмоқдими, давлат хизмат кўрсатишни тўхтатмаслиги лозим, токи ўша хизмат бўйича хусусий сектор рақобатли даражага етмагунча. Иккинчидан, хусусий секторга ўтказилган хизматлар давлат кўрсатиб келган хизматлардан сезиларли, айрим яккахон ҳолларда ўнлаб карра қиммат нархда кўрсатилмоқда. Давлат органлари ўз функцияларини хусусий секторга ўтказа туриб, нафақат сифат мезонлари, хизматнинг таннархи ҳақида ҳам қайғуришлари керак. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси реал харажатлар ва товар (иш, хизмат) қийматини ҳисобга олган ҳолда хусусий сектор ва истеъмолчилар учун давлат функцияларини амалга ошириш қийматини белгилаши керак. Лекин бу норма амалда ишлаётгани йўқ ёки танлама истиснолар ишлаяпти. Учинчидан, айрим хусусий секторга ўтказилган давлат функциялари очиқ эълон қилинаётгани йўқ. Гарчи хусусий секторга ўтказиш таклиф этилаётган давлат функциялари рўйхати эълон қилинади ва кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши аниқ белгилаб қўйилган бўлсада. Тўртинчидан, хусусий секторга ўтказилган давлат хизматлари ва функцияларининг кейинги таҳлили ва мониторинги деярли йўқ (балки бордир, лекин очиқланмас). Фуқаролар ва истеъмолчиларр хусусий секторга ўтган хизматлардан розими? Нархи қаноатлантираяптими? Сифати-чи? Ё хизмат кўрсатиш давлатдан хусусийга ўтгач, ҳаммаси ўша-ўша, лекин нархи ошган холосми?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin