Давлат бошқаруви ва ҳокимияти органлари харажатлари эса юқори суръатда ўсишдан тўхтамаган
Ижтимоий нафақалар сонда ва ҳажмда қирқилаётгани фонида давлат бошқаруви ва ҳокимият органларининг бюджет харажатлари потираб ошиши, афсуски, 2026 йилда ҳам давом этади. Ўзбек амалдорлар ҳар доимгидек ўзларини эсдан чиқармаган.
2025 йилда давлат бошқаруви ва ҳокимият органлари учун 18,6 трлн.сўм ажратилиши белгиланган эди. Амалда эса бу харажатлар 21,1 трлн.сўмга етиши кутилмоқда. Яъни ижтимоий нафақахўрлардан 500 млрд.сўм тежаган амалдорларимиз ўзлари учун бюджетда белгиланганидан 2,5 трлн.сўм ортиқча харажат қилишни уддасидан чиқишган.
Бу майли (охирги 2-3 йил учун одатий картина). Келаси йилга ҳам шу тенденция давом этади ва бу йўналишда янада кўпроқ — 21,4 трлн.сўмлик харажат режалаштирилган (бошқарув штати қисқарган сари харажатлар ҳам ортишдан тўхтамаяпти).
2026 йил бюджетномасининг ўзига хос яна бир жиҳати 2024 йил ва 2023 йилга оид тегишли маълумотлар ўзгартирилган. Хусусан, бошқарув харажатларига оид қисми юқори динамика кўринмаслиги учун тарихий маълумотлар кўпайтириб кўрсатилган.