Ўзбекистонда "open banking" тизими жорий этилади
Президент қарори билан, 2026 йил 1 сентябргача банклар, тўлов ташкилотлари ва молиявий технологиялар бозори иштирокчилари ўртасида хавфсиз маълумот алмашинувини таъминлайдиган “очиқ банкинг” тизими жорий этилади.
Энди Марказий банк ҳам ўз венчур фондига эга бўлади, унинг қошида қуйидагилар ташкил этилади:
МЧЖ шаклида устав жамғармаси 50 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлган стартап лойиҳаларни молиялаштирадиган венчур фонди;
молиявий технологиялар соҳасидаги стартаплар учун инновацион хаб.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан инновацион хаб иштирокчиларига молиявий технологиялар бўйича курсларда ўқиш ва сертификат олиш билан харажатларининг 50 фоизигача қисми, бироқ 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.
Қарорга кўра, 2026–2030 йилларда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланган, жумладан:
молиявий технологиялар соҳасидаги стартапларга 1 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилиш;
молиявий технологиялар бозори иштирокчилар сонини камида 200 тага етказиш.
- https://t.me/centralbankuzbekistan/12528@centralbankuzbekistan