Марказий банк вазифалари кенгаяди ва янги молиявий инструментлар жорий қилинади
Ўзбекистонда молиявий технология соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорнинг тўлиқ матни эълон қилинди.
Қарор билан Марказий банк молиявий технологиялар соҳасини ривожлантиришга масъул этиб белгиланмоқда ва шу билан боғлиқ равишда унга қўшимча 6та вазифа юкланмоқда. Хусусан, энди регулятор банк тизими, тўлов тизимининг ишлаши ва нархлар барқарорлигини устувор мақсад сифатида сақлаган ҳолда инновацияларни қўллаб-қувватлашда мутаносибликни таъминлаши керак бўлади.
Белгиланган чора-тадбирларга кўра, Марказий банк бир қатор молиявий инструментларни жорий этади:
Янги P2P инструмент. Марказий банкнинг тўлов тизимида жисмоний шахслар учун мобиль рақамдан фойдаланган ҳолда уларнинг банк ҳисобварақларидан тўғридан-тўғри ўтказмалар хизмати жорий қилинади. Регуляторнинг Тезкор тўловлар тизимида жисмоний шахслар ўртасида “P2P” ўтказмаларини амалга ошириш имконияти ишлаб чиқилади ва тўлов хизматларини кўрсатувчиларга Open API кўринишида тақдим этилади.
”Иш ҳақи лойиҳаси қуллиги”дан воз кечилади. Чакана банк хизматлари ва тўлов хизматлари бозорида рақобатни рағбатлантириш мақсадида мажбурий мижозлар аудиториясидан воз кечган ҳолда фойдаланувчиларга банк картасини очишда имкониятлар яратилади. Бунда фуқароларга ўз маошини оладиган банкини ёки электрон ҳамён провайдерини танлаш ҳуқуқи берилади.
“Очиқ банкинг” тизими жорий этилади. Банклар, тўлов ташкилотлари ва молиявий технологиялар бозорининг бошқа иштирокчилари ўртасида хавфсиз ва стандартлашган маълумот алмашинувини таъминлайдиган “Очиқ банкинг” (Open banking) тизими жорий этилади.
Универсал QR-код жорий этилади. QR-кодлар орқали тўловларни амалга оширишнинг ягона стандартлари татбиқ қилинади.