“P2P ўтказмаларда операция мақсадини кўрсатиш функциясини ихтиёрий равишда, яъни янги параметрлар билан кенгайтириб ёки таклиф этилганларини камайтириб жорий этишлари мумкин”
Марказий банк тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига жорий йил 17-февралдаги №38-02/266-сон хат билан мобил иловалар орқали амалга ошириладиган р2р ўтказмаларида операция мақсадини кўрсатиш функциясини жорий этиш бўйича топшириққа қўшимча равишда янги кўрсатмаларни эълон қилди.
Регуляторга кўра, иижозлар учун рақамли хизматлар қулайлигини ошириш мақсадида тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари ўзларининг ички сиёсати ва техник имкониятларидан келиб чиқиб, мобил иловалардаги P2P ўтказмаларда операция мақсадини кўрсатиш функциясини ихтиёрий равишда, яъни янги параметрлар билан кенгайтириб ёки таклиф этилганларини камайтириб жорий этишлари мумкин бўлади.
Марказий банк таклиф этилаётган ўзгаришлардан кўзланган мақсад — онлайн платформалар ўртасидаги рақобатни ривожлантириш ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблардан фойдаланишни кенгайтириш эканини таъкидлаган. Бу регуляторнинг тушунтиришича, банк иловалари фойдаланувчилари учун рақамли сервислар қулайлигини ошириши керак.
Ўйлаймизки, расмий эълон қилинган аниқликлар жамоатчиликда пайдо бўлган қўшимча назоратга оид хавотирларни аритади, шунингдек, тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари томонидан фойдаланувчиларга арзон, қулай ва шунингдек, ўз маблағларини (нақд ва нақдсиз) карталарида осон ва бепул аккумуляция қилиш имкониятларини берувчи янги хизматларни таклиф этишига туртки беради.