Muhrim / Муҳрим kanalidan
Ҳозир АОКАда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ва журналистлар ўртасида гидроксихлорохин (плаквенил) масаласида аёвсиз жанг бўлди. ССВ вакиллари плаквенилга қарши ҳамлаларни «сиёсий ўйин» деяпти, қандайдир катта фармо-гигантларнинг шу «фойдали дори»га қарши уруши, деб айтяпти. Энг ёмони, дунёнинг энг ғалати давлат раҳбарлари — АҚШ президенти Трамп, Бразилия президенти Болсонару тажрибаси намуна қилиб кўрсатиляпти (бу иккиси бошида умуман коронавирусни тан олмаганди). Энг ёмони, гапларига исбот сифатида «Фокс Ньюс» (а ля «Фейк Ньюс»)дан иқтибослар келтириляпти.
Хуллас, шу жанг вақтида ССВ вакилларидан бири Ўзбекистонда плаквенилни даволаш протоколига қайта киритишда, масалан, Ўзбекистоннинг бош вирусологи-инфекционисти билан ҳам маслаҳатлашилганини ва бу қарорни шубҳа остига олиш тўғри эмаслигини айтди. Энди, АҚШда президент Трамп шу дорини 14 кун ичган бўлса ҳам, шу Трамп ва унинг оиласи шу дорини имкони бор ҳамма жойда реклама қилишга уринаётган бўлса ҳам, АҚШнинг бош инфекционисти Энтони Фаучи бу дорини самарали эмас, деб ҳисоблаяпти (шу хулосаси учун Трамп билан сан-манга ҳам борган — нима бўпти, демократия!).
Фаучи депутатлар билан учрашув (аслида сўроқ)да коронавирусдан даволашда гидроксихлорохинни қўллашнинг самарадорлиги ҳозиргача бирор марта «олтин стандарт»га асосланган тадқиқотларда исботланмагани, беморларнинг тасодифий танланишига асосланган ва плацебо эффекти назоратга олинган тадқиқотларнинг ҳеч бирида гидроксихлорохин коронавирусни даволашда самарали экани ҳақида хулосага келинмаганини айтиб ўтган. У: «Қачондир мана шу талабларга жавоб берувчи тадқиқотлар гидроксихлорохиннинг самарасини тасдиқласа, мен биринчилар қаторида уни тан олиб, доридан фойдаланишни қўллаб-қувватлайман», – деган.
Хуллас, шунақа гаплар. Айтмоқчи, Ўзбекистонда шу дорини даволаш протоколидан чиқариб ташлаш кераклигини таъкидлаган масъулга таҳдидлар бўлгани ҳақида хабар берилган эди — бирор суриштирув бошландими ахир? Бир дори атрофида шунча маш-маша. «Бир балоси бўлмаса...», дерди-ку, ўша гап.
- https://daryo.uz/k/2020/08/03/gidroksixloroxinning-koronavirusga-qarshi-samarasi-biror-mukammal-tadqiqotda-isbotlanmagan-entoni-fauchi/daryo.uz
- http://daryo.uz/k/2020/07/25/ozbekistonda-plakvenilni-davolash-protokollardan-chiqarib-tashlash-haqida-gapirgan-tez-yordam-korsatuvi-ekspertiga-tahdid-qilingani-aytildi/daryo.uz