Тошкент транспорт муаммосини қандай ечиши керак?
Бугун Тошкентда эски уйларни янгилаш, янги турар-жойлар қуриш ҳақида гап кетар экан, жамоат транспортисиз бу масалани тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки аҳоли ва уй-жойлар энига (аслида шаҳар бўйига ривожланса фойдалироқ) каррасига кенгайса-ю, йўллар, автобуслар, метро линиялари ва бекатлар ҳозирги ҳолича қолса, шаҳар “нафас ололмайди”, тирбандлик кучаяди, вақт йўқотилади, ҳаво ифлосланади, иқтисодий фаоллик секинлашади.
Мутахассис таъкидлаётган асосий нуқта шуки, шаҳар битта марказ атрофида айланиб қолмаслиги керак. Агар иш жойлари, хизматлар ва кундалик эҳтиёжлар фақат битта марказда жамланса, одамлар ҳар куни ўша марказга катта оқим билан қатнайди, бу оқимдаги тирбандликни эса йўқотиб бўлмайди.
Шунинг учун шаҳарни “битта марказ” мантиғида эмас, “марказлар тизими” моделида ривожлантириш муҳим. Ҳар бир йирик туман ўзининг иш ўринлари, таълим, тиббиёт, сервис ва жамоат жойлари билан алоҳида функционал марказ сифатида шаклланса, сафарлар қисқаради, марказга босим камаяди.
Бунинг учун эса барча қурилишлар битта концепцияда қонунлаштирилган ва уйғунлаштирилган реновация тарзида барпо қилиниши муҳим. Бундай ёндашувда, биринчи навбатда, пиёдага қулай муҳит яратилади, уйидан чиқиб боғча, мактаб, тиббий пункт, парк ва бекатга етиб олиш имкони пайдо бўлади.
- https://uznews.uz/uz/news/107298uznews.uz