Истеъмолчилар ёмон Бошқарув компанияларини қандай жазолай олади?
2026 йил 1 июлдан бошлаб турар жой мулкдори кўп квартирали уйнинг банк ҳисобварағига мажбурий тўловларни (квартплата) ойнинг 15-санасига қадар амалга оширмаса, унинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилиш қарздорлик тўлиқ қоплангунга қадар тўхтатиб қўйилади. Аввалроқ чиқинди билан боғлиқ тўловлар, шунингдек, мол-мулк ва ер солиғи бўйича тўловлар (ҳозирча Наманган вилоятида) электрга боғланганди.
Бу сафар янги талаблар қарорга киргунга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани йўқ, ҳеч қурса, бошқарув компаниялари ортида турган ташаббускор лоббистлар сабаблар ва оқибатлар ҳақида ўз важларини келтиришгани йўқ. Чиқинди тўловлари электрга боғланганида жамоатчилик ва тегишли органлар ўз саволларини қўя олишган эди. Бу сафар шуям бўлмади.
Янги Ўзбекистонда охирги йилларда бошқарув компанияларига (айниқса ширкатларни пайдар-пай тугатиб, тийиқсиз ҳокимликлар босими билан кўп қаватли уйлар назорати олиб берилган бошқарув компанияларига) эътироз ва норозиликлар жуда кўп. Шунчалик кўпки, анча-мунча ижтимоий муаммоларга этиборсиз Сенат кун тартибида бу масалани кўтариб чиқилганди.
Хўп, қарздорликларни ундириш механизмлари бўлиши керак. Лекин нега бошқа хизматдан фойдаланишни билвосита чеклаш ҳисобига? Нега барча ёмон хизматлар бошқанинг таҳоратига намоз ўқишади? Нега бошқарув компаниясини танламаган истеъмолчи, бошқарув компаниясидан норози истеъмолчи, бошқарув компаниясидан хизмат олмаган истеъмолчи бир ёқлама жазоланиши керак? Нега истеъмолчида паритет ўлароқ бошқарув компанияларини жазолаш воситаси йўқ?
Дарвоқе, Рақобат қўмитаси нима дейди? Бу қарор антимонополия билан келишилганмиди ўзи?
- https://lex.uz/ru/docs/8037375lex.uz
- https://t.me/the_bakiroo/11432@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/9595@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/10895@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/11749@the_bakiroo