Жозибадор шаҳар нималарни талаб қилади?
Шаҳарни ҳақиқий жозибадор қилиш учун барча муаммоларга қараш керак. Ҳозир энг катта масала — экология. Махсус комиссия бу борада кечиктириб бўлмас ечимлар қиляпти. Лекин узоқ муддатли ечим аслида аниқ: дарахт кўп бўлмаса, ҳаво ҳам тозаланмайди. Шаҳарда табиийлик бўлиши учун кўпроқ дарахт ва яшил ҳудудлар, кўл ва сунъий ҳавзалар керак.
Иккинчи масала — тирбандлик. Кейинги йилга режалаштирилган чекловлар қанча ёрдам беради, ҳозир аниқ эмас. Аммо кўп давлатларда ва шаҳарларда бир нарса исботланган: агар шаҳар пиёда юриш ва жамоат транспорти учун қулай бўлса, йўлларимиздаги тирбандлик билан боғлиқ аҳвол яхшиланади. Демак, кўчаларнинг ким учун устуворлиги ҳақида қайта ўйлаш, пиёда йўлакларини кенг қилиш ва автобусда ва метрода юришни енгиллаштириш ва рағбатлантириш зарур.
Учинчи муаммо — ижтимоий инфраструктура. Агар биз ўзимизни ижтимоий давлат деб атасак, боғча, мактаб ва шифохона етарли ва имконли бўлиши шарт. Йўлларимиздаги эрталабки ва кечки тирбандликларнинг сабабларидан бири узоқ мактаб ва боғчага қатнаш экани ҳақида ўйлашимиз керак. Икки-уч сменали ўқиш ёки поликлиникадаги навбатлар одамлар сони кўп, инфратузилма эса етарли эмаслигини кўрсатади. Демак, янги таълим ва тиббиётда муассасалар қуриш шарт.
Бу ишлар, аввало, шаҳар маъмурлари, режаловчилари ва қурувчилар зиммасида. Ҳар жойга тасодифий уй қуриш эмас, балки уй билан бирга боғча, мактаб, болалар майдончаси, поликлиникаси бўлган мажмуа қилиб қуриш керак. Инвестор ҳам шундан қочмаслиги, бу масъулиятни ўз зиммасига олиши керак.
Шаҳар — бу деворлар эмас, унда яшайдиган одамларнинг ҳаёти. Шу нарсага эътибор берилса, барчаси ўз йўлига тушади.
- https://www.youtube.com/watch?v=l5kjrzRpVE8youtube.com