Тошкентда анъанавий “Асал байрами” бошланди
2–11 декабрь кунлари “Анҳор” боғида миллий асаларичилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро кўргазма-ярмаркаси ўтмоқда.
Асаларичилик тармоғидаги ислоҳотлар натижасида соҳада фаолият юритаётган субъектлар сони 35 мингтага етди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 9 фоизга, 2017 йилга қараганда эса 2,3 баробар юқори.
Ҳозирги вақтда асалари оилалари 1,8 млн донани ташкил этмоқда. Асал етиштириш ҳажми 17 минг тоннага етди. Экспортда ҳам ўсиш бор — Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Арманистонга 3,26 млн долларлик асалари пакетлари етказилган.
Ярмаркада мамлакатнинг турли ҳудудларидан 400 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи ва 1500 га яқин мутахассис иштирок этмоқда. Тадбирга бир қатор давлатлардан нуфузли меҳмонлар, профессорлар ва экспертлар ҳам ташриф буюрган.
Сифатли ва табиий маҳсулотларни ҳамёнбоп нархларда харид қилишни истасангиз бу имкониятни қўлдан бой берманг!