19K38Telegramda ochish
“Катта шаҳар” эмас, “қулай шаҳар” керак Қурилиш соҳасида халқаро тажрибага эга мутахассис Дониёрбек Муминов сўнгги йилларда шаҳарсозлик баҳсларида энг кўп айтилаётган масалани кўтарибди: шаҳар вертикал ўсиши керакми ёки горизонтал кенгайишими? "Ўзбекистон шароитида қисқа ва ўрта муддатли режалаштириш нуқтаи назаридан вертикал ривожланиш муайян даражада мақбул, дейиш мумкин. Сабаби жуда содда: мавжуд инфратузилма катта қисмда эскирган, аҳоли сони тез ўсмоқда, ер ресурси чекланган. Кам майдонда кўпроқ аҳолини жойлаштириш орқали коммуникацияларни марказлаштириш, хизматларни (сув, канализация, электр, транспорт, ижтимоий инфратузилма) нисбатан самаралироқ ташкил қилиш имкони пайдо бўлади. Вертикал ривожланишнинг иқтисодий мантиғи “15 дақиқалик шаҳар” ғоясида янада аниқ кўринади. Чунки инсоннинг кундалик йўналиши бўлган уй, мактаб (университет, боғча ва ҳкз), иш, поликлиника, дўкон, кўнгилочар майдонлар узоқ масофаларга сочилиб кетса, шаҳар “катталашади”, аммо иқтисодий сифати тушиб кетади. Шаҳарнинг функциялари бир-биридан узоқлашган сари, у инфратузилмага боғлиқликни, харажатни ва йўқотишни кўпайтиради. Пойтахтнинг “энига ёйилиши” ҳар бир янги километр билан давлат ва шаҳар бюджетига қўшимча мажбурият юклайди ва бу мажбурият фақат қурилиш билан тугамайди. Шаҳар четларига канализация, сув, электр, йўл тортилади; кейин эса уларни ўн йиллаб таъмирлаш, янгилаш, хизмат кўрсатиш, аварияларни бартараф этиш доимий харажатга айланади. Зичроқ ва вертикал ривожланишда эса асосий эътиборни мавжуд тармоқларни модернизация қилишга қаратган ҳолда, бир ҳудудда кўпроқ аҳоли ва кўпроқ иқтисодий фаолликка хизмат қилиш мумкин. Бу тадбиркор учун ҳам, бюджет учун ҳам ҳисоб-китобда маъқулроқ. Манзиллар узоқ бўлса, шаҳар аҳолиси тирбандликда кўпроқ вақт йўқотади, ёқилғи кўпроқ сарфланади, ҳаво кўпроқ ифлосланади, куннинг сезиларли қисми йўлда кетади. Бу иш унумдорлиги, оила бюджети, соғлиқ ва шаҳар иқтисодиётининг умумий пасайиши демак. Аксинча, кундалик эҳтиёжлар 15 дақиқалик масофада жойлашса, вақт тежалади, оиланинг ва бизнеснинг логистика харажатлари камаяди, йўллар ва коммунал тизимларга босим пасаяди, энергия сарфи ва эксплуатация харажатларини бошқариш осонлашади". Энг муҳими ихчам режалаштириш шаҳарни “бетонлаштириш” дегани эмас. Тўғри бошқарилган зичлик яшил ҳудудларни сақлаш, янги парклар ва жамоат маконларини очиш, шаҳарга нафас оладиган инфратузилмани жойлаштириш имконини ҳам оширади. Ва барча ўзгаришлар шаҳар аҳолисининг манфаатидан келиб чиқиб, пиёдалар, меҳмонлар ва ишга қатнайдиган ходимларга мослаштириш энг муҳим вазифа. Мутасаддилар шуни унутмаслиги керак.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin