Қилмаслик керак ишларни қилиш, қилиш керак бўлган ишларни қилмаслик оқибатлари ҳақида
Иқтисодчи Ботир Қобилов жамоат транспорти, йўллар, инфратузилма билан боғлиқ шаҳар ҳаётини ташкил этиш ва унинг ижтимоий контексти тўғрисида катта мақола эълон қилипти.
Таъбир жоиз бўлса, мақолани Тошкентни инсонлар яшайдиган шаҳарга айлантириш ва мувозанатни қайта жонлантириш бўйича муқобил программа дейиш мумкин.
Мақола билан танишиб шаҳарларни олиб-сотар савдогарлар ё партократ чоллар эмас, жамоатчилик, хусусан урбанистлар, архитекторлар ва иқтисодчиларининг фикри асосида иш тутадиган сити-менежерлар бошқариши лозим, деган фикрингиз яна бир бор мустаҳкамланади.
Айрим иқтибослар:
Жамоат транспортини атайлаб заифлаштириш имкониятлар нотенглигини оширади ва одамларни камбағаллаштиради.
Мактаб, иш ва уй ўртасидаги сафарлар вақти камбағалликдан қутулишнинг энг кучли омили бўлган. Шаҳарнинг маълум бир ҳудудида ишлаш учун йўлга ўртача қанча кўпроқ вақт сарфланса, кам даромадли оилаларнинг даромад пиллапоялари бўйлаб кўтарилиш эҳтимоли шунчалик камаяди.
Жамоат транспортига инвестициялар иқтисодий фойда келтиради: жамоат транспортига киритилган ҳар бир доллар 4−5 доллар иқтисодий наф келтиради.
Шаҳар кўчаларида автоуловларни бепул сақлашдан автомобилга эга бўлиш учун етарлича бой бўлганлар манфаатдордир.
Ўзбекистондаги барча қарор қабул қилувчиларнинг ёки автомашиналари бор ёки бир нечта ҳайдовчига эга бўлиш афзалликларидан фойдаланадилар. Табиийки, улар қарор қабул қилиш чоғида бутун аҳоли автомашинага эга, деб хато тахмин қилишади.
Жамоат транспорти бўйича қарорлар, хоҳ у кенгайтириш (метро) ёки олиб ташлаш (трамвай) ҳақида бўлсин, ягона ҳаракатланиш воситаси автомобиллар бўлган амалдорлар томонидан кабинетларда эмас, балки жамоат транспортидан фойдаланувчилар, шунингдек, профессионал ва мустақил муҳандислар, урбанистлар, архитекторлар ва шаҳар иқтисодчиларининг фикр ва мулоҳазалари асосида ҳам қабул қилиниши керак.