Жамоат транспортининг йўқ қилиниши кимларга ва қай даражада фойдали?
Пойтахтда жамоат транспорти билан боғлиқ ҳолат қанча ёмонлашса, тепадаги манфаатлари ўзаро чатишиб кетган айримларга шунча яхши.
Энг аввало, одамлар мажбурликдан машина сотиб олиш ҳаракатига тушишади. Ахир ишга, ўқишга бориш, болларни боғчага, мактабга элтиш керак-ку! Хуллас, машинага қўшимча талаб шаклланади. Машина ишлаб чиқарувчи ва сотувчи эса битта. Монополистнинг ҳам расмий, ҳам норасмий даромадлари кўпаяди.
Машина кўпайгач, ёқилғи сарфи ошади, ёқилғига қўшимча талаб пайдо бўлади. Бензин ишлаб чиқарувчисиям, эксклюзив импортериям битта. Монополистнинг ҳам расмий, ҳам оралиқ норасмий даромадлари кўпаяди.
Машина кўпайган сари тирбандликлар ортади. Шаҳарда ҳаракат секинлашади. Бу аслида логистик жиҳатдан зарарли ҳисобланган ва транспорт экотизимида қўшимча муаммолар яратадиган кўприк/ўтказмалар қуришга, йўлларни кенгайтиришга мотив яратади. Ким кўприк қуриш, йўл қуриш орқали давлат буюртмасини ўзлаштирувчисига айланганини билсангиз керак.
Машина кўпайган сари йўл четидаги парковкаларни пулли қилиш иштиёқи ва ҳатто жамоатчилик талаби юзага чиқади. Бу триллионлаб бебилиска келтирадиган бизнес эгаси ҳам тайин. Ускуналаригача олиб келиб қўйишган. Кимлигини тез орада жуда яхши билиб оласиз.
Кўраяпсизми, жамоат транспортининг йўқ қилиниши кимларга ва қай даражада фойдали.
Бундан 3 миллион одам зарар кўради. Лекин бир гуруҳ манфаатдорларнинг битмас туганмас маблағларни ўзлаштириш воситасига айланади.
Бир сўз билан айтганда жамоат транспортининг йўқотилиши бу бошқариладиган ва манфаатли кризис. Мен ҳали бу кризисдан манфаатдор билвосита бўлган соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳалари ҳақида тўхталиб ўтмадим.
@the_bakiroo