bakiroo kanalidan
Ўтган йили ақлли одамлардан бири хусусий суҳбатлардан бирида шаҳар марказидаги кўчаларда пулли парковка зоналарнинг пайдо бўлиши ҳал бўлган масала экани, бу борада "инвестор" ҳам тайин бўлгани, кўпчилик бу "инвестор"ни жуда яхши таниши, жамоатчилик фикрини керакли томонга бошқариш учун керак бўлса кризис ситуацияси яратилишигача борилишини айтганди.
Пойтахт марказида пулли парковкали кўчалар пайдо бўлиши учун охирги йилларда ҳамма иш қилинди. Аввало жамоат транспорти фалажлантирилди, кейин барча иложсизликдан шахсий автомашиналарга ўтиши учун жамоат транспорти бира тўла ўлдирилди, сўнгра қаердаги парковка ва тўхташ зоналари бўлган бўлса, "инвестор"ларга сотиб бўлинди - назаримда, ҳаммаси онгли ва мақсадли равишда ҳаводан пул ясаш - пулли парковкаларни жорий қилиш учун амалга оширилди. Ҳатто март ойининг бошларида бунинг ҳуқуқий асоси - Низом лойиҳасини ҳам ишлаб чиқишганди. Наврўздан кейин жорий этишга коронавирус ҳалақит қилиб қолди ва мана энди яна бу ишга дадил киришилса бўлади.
Шахсан мен пулли парковкага қарши эмасман, лекин бунинг учун фуқарода альтернатива бўлиши - сифатли жамоат транспорти ёки узоқроқда бўлса ҳам, ҳар 1-2 км радиусда бепул парковка зарур. Бизда на униси ва на буниси кафолатланган.
Ўзи Қурбонов айтганидек, парковкасиз савдо маркази ва комплекслар қуриш мумкин эмас, лекин потирлатиб қуриб ётишипти, қуришда давом этишаверади ҳам. Қонун чунки фақат душманларга ишлайди.
Шаҳардаги гаражларни ёппасига бузишаётганда кўп қаватли парковкалар қуриш бўйича қоп-қоп ваъдалар берилган - ўтган ёмон замонда эмас, мана шу омон-омон замонда. Ҳатто ҳоким қарорлари чиқарилган. Лекин ҳозир буни ким эслайди?
Муҳими бугун, ҳозир, айни дамдаги соққали ишлар, қолгани ёниб кетмайдими. Ва Қурбонов айтганидек, бу ишларнинг бошида турганларнинг болалари ё бу мамлакатда яшамайди ёки шунчаки яшашини истамайди.
@the_bakiroo