Пулли парковка бўйича ҳисобдорлик йўқ, лекин навбатдаги қиммат жаримани белгилашмоқчи
Пойтахтда пулли парковка монополистлар қўлига топширилиб, йўл бўйлаб пулли парковкалар ишлай бошлаганига деярли ярим йил бўлди. Лекин ҳали бирон марта шармандали аукционда танланган хусусий шерик ҳисобот бергани йўқ. Ўтган даврда пулли парковка тизимидан қанча маблағ йиғилди (пойтахт бюджети қанча пул олди), қайси кўчаларда парковкалар тўлаяпти (нарх мутаносиб), қайси кўчаларда парковкалар бўм-бўш (нарх номутаносиб), қайси кўчалар отбозор бўлиб ётипти, бирон марта ҳисобдорлик вазифаси бажарилгани йўқ. Ёндош маҳаллаларда яшовчилар учун ёки тунги вақтда бепул парковка ваъдалари нима бўлди, буниям билмаймиз.
Нега пулли парковкаларнинг мутлақ катта қисми 12 минг сўмлик кўчаларда? 6 минг сўмлик кўчалар парковка қиролига қизиқмасми? Нега Давлат идоралари жойлашган кўчалар қисми қоқ марказда жойлашганига қарамай бепул (Амир Темур, Ислом Каримов, Шароф Рашидов, Шевченко), қора халқ яшайдиган ва бизнес кўчалар пулли? Ногиронлар, ногирон фарзанди бор ва умуман имконияти чекланганлар учун парковкаларнинг қанча қисми ажратилди? Бу парковкаларни топиш ва кафолатлаш белгиси борми?
Парковка қироли Бухоро, Нуронийлар, Якуб Колас каби стоянкага айланган кўчалардаги бардакни бориб кўрдими? Нега истеъмолчи ҳам парковка учун отнинг калласидек пул тўлаши керак, ҳам иккинчи-учинчи қаторга қўйилган мошинлар исканжасида қолиши ва ҳаракатни қийинлаштириши керак? Савол кўп, жавоб йўқ.
Лекин монополист маслаҳатгўйи Мариничев деганларига кўра, парковка учун пул тўламаганларни 2 БҲМ (824 минг сўм) жаримага тортиш режалаштирилмоқда экан. Яъни парковкага пул тўламаслик тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузишга тенглаштирилмоқда. Қаерда чиқди бу паритет? Кун бўйича энг қиммат парковкада туришдан 8 карра қиммат жаримани ким таклиф этмоқда? Нима учун ҳар доим халққа келганда аввал тартиб ва ҳисобдорлик яратиш ўрнига жарима, чўнтакларга келганда имтиёз методичкаси қўлланади?
Ҳа, айтгандай, нега ҳалигача парковка қироли монополистлар рўйхатига қўшилмади?
- http://telegraph.controller.bot/files/974432359/AgACAgIAAxkBAAJsZ2j3NGJL5kROBT4D1PPHdHc8ebQBAAJ88jEbRuG4S4dhiQ8WrLzHAQADAgADeAADNgQcontroller.bot
- https://www.spot.uz/ru/2025/10/20/paid-parking/spot.uz
- https://t.me/the_bakiroo/9347@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/10452@the_bakiroo
- https://www.gazeta.uz/uz/2025/07/18/parking/gazeta.uz
- https://t.me/altmanews/2662@altmanews