Нақдсиз тўловларнинг транзакцион харажатлари минималлаштириладими?
Кейинги кунларда Марказий банкдан тортиб Солиқ қўмитасигача 1 апрелдан уй-жой ва автомобидь харидлари, давлат хизматлари, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, ёқилғи, қиймати 25 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловлар нақдсиз тўловларга ўтказилиши ҳақида тез-тез эслатишмоқда. Бу, албатта, яхши. Иқтисодиётни оқартиришдан, агар диққат марказида истеъмолчи турса, ҳамма ютади.
Лекин шу пайтгача бирон-бир масъул ташкилот бу жараёнда истеъмолчилар бўйнига тушадиган қўшимча транзакцион харажатларни камайтириш, имкон бўлса, ноллаштириш ҳақида сўз очгани йўқ. Агар ҳозирги статус-кво ўзгармай қолса, нақдсиз тўловлар оммалашадими йўқми, билмайман, лекин аниқ қимматлашади, ўзбекистонликлар нақддан нақдсиз тўловларга ўтиш афзаллигини ҳис этишмайди. Яна бир эзгу ғоя обрўсизланади.
Биринчи муаммо бу нақд пул маблағларини карта ва ҳамёнларга киритиш харажатлари билан боғлиқ. Ҳозирда банкоматларда карта ҳисобварағини тўлдириш (cash-in) 1-1,5%гача, айрим монополист тўлов ташкилотларининг тармоқларида эса 3-5%гачани ташкил этади. Қўшимчасига кўп банкоматлар 50 минг сўмдан кичик купюраларни қабул қилмайди.
Бундан ташқари йирик қийматли харидлар турли карталардаги маблағларни бир картага жамлашни талаб қилади. Лекин Ўзбекистонда истеъмолчи ўз ҳисоби ё картасидан ўз картасига пул ўтказсаям (me2me) отнинг калласидек комиссия тўлайди.
Албатта, банклар ва тўлов ташкилотлари бу комиссияларни осмондан олмаган. Ўзбекистондаги икки “хусусий” тўлов тизими (бири монополист, иккинчисини Рақобат қўмитаси ҳалигача монополист деб тан ололмаган) юқоридаги тоифа операциялар учун комиссия олади. Бу комиссиялар қаердан келган ва калькуляцияси қандай, ҳеч ким билмайди (тўлов тизими “бенефициарлари” уч хонали фоизларда дивидендлар олаётгани инобатга олинса, осмондан, юлдузларга қараб ўрнатилган).
Мисол учун, автомобиль олди сотдисини расмийлаштириш учун улкан харажатларни амалга оширишга мажбур ўзбекистонлик бўйнига яна қанчадир комиссия ўтиришини тасаввур қилинг. У “ислоҳотлардан” хурсанд бўладими? Дуо қиладими? Ёки бўлмасам, 500 миллион сўмлик уй-жой хариди учун турли карталар ва нақдликларни бир ҳисобга йиғишга камида 5-7 миллион харажат қўшилса, истеъмолчи кимни эслайди?
Буям ҳаммасимас. Олдинда уй-жой харидида эскроу ҳисобварақлар орқали ҳисоб-китобларга ўтиш масаласи турипти. Эскроу ҳисобварақлар учун тарифлар қандай бўлади?
1 апрелгача яна бир ой бор. Истеъмолчилар томон нимадир фойдали ва ишонч яратувчи қадамларни қўйишга вақт бор. Агар тўғри қадамлар қўйилмаса, иқтисодиётни оқартиришдек эзгу ғоя ҳам яна бир тўп корчалонларнинг истеъмолчилар устида пул ишлаши учун навбатдаги воситага айланиб қолади (худди битта монополист учун махсус qr код платформаси ясалганидек).
- https://t.me/centralbankuzbekistan/12834@centralbankuzbekistan
- https://t.me/soliqnews/17654@soliqnews
- https://t.me/the_bakiroo/8912@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/12007@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/9159@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/11663@the_bakiroo