16K29Telegramda ochish
Хусусий тегирмонлар рағбатлантирилмаса, экспортда муаммолар кўпаяверади Хусусий тегирмонлар янги даврда тадбиркорларнинг ўз кучи ва ресурслари билан пайдо бўлган бизнес сегментлардан ҳисобланади. Лекин кейинги пайтда экспорт ҳажмлари ортиб бораётганига қарамай, хусусий тегирмонлар фаолиятидаги муаммолар ҳам тобора кўпроқ сезиляпти. Айниқса, хом ашёни импорт қилиб, қайта ишлаб экспорт қилаётган корхоналар учун логистикадаги узилишлар жиддий тўсиқ бўлиб турибди. Вагонлар етишмаслиги, юкларни ўз вақтида жўната олмаслик ҳолатлари тузилган шартномалар бажарилишига салбий таъсир кўрсатяпти. Бу эса бевосита ташқи бозордаги ишончга таъсир қилади. Масалан, олдиндан келишилган ҳажмларни ўз вақтида етказиб бериш имкони бўлмаса, ҳамкорлар шартномаларни бекор қилиш ёки маблағни қайтаришни талаб қилиш ҳолатлари кўпайяпти. Натижада ишлаб чиқарувчилар нафақат даромад, балки бозордаги ўрнидан ҳам айрилиб қолишгача бориши мумкин. Шу билан бирга, харажатларни камайтиришга қаратилган имтиёзлар амалиётда кечикиб қўлланаётгани ҳам қўшимча молиявий юк бўлади. Импорт қилинган хом ашё учун белгиланган чегирмалар ўз вақтида амал қилмаса, айланма маблағлар узоқ вақт “музлаб” қоляпти ва бу корхоналар фаолиятига босимни янада кучайтиряпти. Бу шароитда хусусий тегирмонлар сонини кўпайтириш ва улар фаолиятини кенгайтиришни рағбатлантириш ва уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш муҳим. Чунки айнан шу сегмент жанубий йўналишда экспорт занжирининг асосий бўғини бўлиб, ундаги узилишлар бутун жараёнга таъсир қилади. Агар бу муаммолар тизимли ҳал қилинмаса, экспортёрлар учун тўсиқлар янада ортиши мумкин.

Arxivda shunga yaqin