1,5% қаердан? 10 МҲТЭКМ қаердан?
Аввал ҳам ёзганимиздек, 2026 йил 30 мартдаги 50- сон фармон доирасида муаммоли кредитларни ундириш жараёни қаттиқлашмоқда.
Лекин Мажбурий ижро бюроси томонидан тижорат банкларига тақдим этилаётган шартномаларга қараганда янги тартибда ундирувнинг пулдаги қиймати ҳам кескин қимматлашмоқда.
Масалан, ижро ҳужжатлари асосида Бюро ва банк ҳисобрақамларига кредит мажбурияти ундириш бўйича ижро ҳаракати учун 1,5% комиссия белгиланмоқда. Сотилмаган мулкни балансга қабул қилганда эса 0,5% Бу камми ё кўпми? Агар кичик мулклар бўйича олинса, комиссия чақмайдигандек кўринади. Юзлаб миллиард сўмлик мулк бўйича эса йўқ. Нега қийматдан келиб чиқиб туриб шкала қилинмаган? Айтайлик, 0,2%дан 1,5%га?
6- банддаги ва бошқа ҳаракатлар бўйича тўлов Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига (1 271 000 сўм) боғланган ҳолда белгиланган. Нега Базавий ҳисоблаш миқдори (412 000 сўм) эмас? Масалан, 12 млн.сўмга сотилмаган Матиз учун 6- банддаги ҳаракат учун 12,7 млн.сўм тўланадими?
Ўзи ижро хизматлари учун тарихий ё истиқболдаги ҳаракатлар ҳажмидан келиб чиқиб ҳисобланган калькуляция борми, таннарх қанча ўзи? Тижорат банклари манфаатини бу ерда ким ҳимоя қилади? Марказий банкми? Ё Банклар ассоциацияси (шунақа ташкилот борлигини кимдир эслайдими?)
Фармонда тўловлар Мажбурий ижро бюроси ва тижорат банклари ўртасида тузиладиган шартнома доирасида белгиланади дейилган. Тўловлар бир томонлама белгиланади дейилмаган.
Агар тўловлар шу кўринишда қолса, кредитлар ва бошқа ёндош банк хизматлари нархи аниқ қимматлашади (кимгадир ўтказилиши керак-ку), ижрога муносабатнинг турли бошқа шакллари пайдо бўлишни бошлайди.