
Telegram’да давлат идораси номидан мурожаат қилиш ҳолатлари кўпаймоқда
Сўнгги пайтларда фирибгарлар одамларни алдаш учун янада ишончлироқ усуллардан фойдаланмоқда. Энди улар давлат идоралари, уларнинг раҳбарлари ёки ходимлари номидан сохта Telegram аккаунтлари ва ботлар очиб, фуқароларга мурожаат қиляпти.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги огоҳлантиришича, бундай ҳолатларда расмий логотиплар, давлат рамзлари ва мансабдорларнинг суратлари қўлланади. Асосий мақсад — одамда ишонч уйғотиш ва уни шошилинч қарор қабул қилишга мажбурлаш.
Одатда аввал қандайдир текширув ёки шубҳали операция ҳақида хабар юборилади. Кейин Telegram орқали мулоқот давом эттирилиб, сохта ботларда рўйхатдан ўтиш ёки маълум ҳаракатларни бажариш талаб қилинади. Айрим ҳолатларда эса фирибгарлар одамларни ўз номига кредит расмийлаштиришгача кўндиришга уринмоқда.
Бундай вазиятларда энг тўғри йўл — шошилмаслик. Агар хабар ҳақиқатан ҳам давлат идорасидан бўлса, уни расмий манбалар орқали текшириш имкони бўлади. Шубҳали ҳаволаларни очмаслик ва номаълум файлларни юклаб олмаслик эса оддий, аммо самарали эҳтиёт чораларидан бири ҳисобланади.
- https://t.me/napp_uz/2298@napp_uz