92 бензин 13 минг сўм: пропан 10 минг сўмга чиқадими?
Августнинг биринчи ярмида бир думалатиб, чакана нархи 12,0-12,5 минг сўмдан 13 минг сўмга чиқариб олинган маҳаллий 92 бензин ортидан, пропаннинг чакана нархи ҳам 7,2-7,5 минг сўмдан сакраб 9 минг сўмга қараб яқинлашмоқда (Тошкентда 8-8,5 минг сўм, вилоятларда 8,5-8,9 минг сўм).
Қизиқ тарафи, августнинг дастлабки 2 ҳафтасида пропаннинг биржадаги ўртача нархи ўзгармаган, ҳаттоки арзонлашган. Масалан, августнинг биринчи савдо куни - 3 августда пропаннинг тоннаси 7 635,2 минг сўмдан сотилган. 13 августда эса 7 473,2 минг сўмдан (-162,0 минг сўм).
92 бензин нархи эса деярли ўзгаришсиз қолган — 3 августда тоннаси ўртача 13 313,9 минг сўмдан сотилган бўлса, 13 август куни савдолар ўртача 13 348,8 минг сўмдан ўтган.
Унда қандай қилиб, охирги 2 ҳафтада 92 бензиннинг чакана нархи 5-8%га, пропан эса 15-20%гача қимматлаб кетди? Ўтган йили ёзда ҳам шунақа ўйинлар кузатилган, бу ҳолат биржадаги "лотореяга" айланиб қолган лотлар ҳажмига чекловлар ортидан пайдо бўлган норасмий тўловлар билан изоҳланганди.
Бу йил нима бўлаяпти? Мақсад ва ориентирлар қанақа? Бензин 13 минг сўмга олиб чиқилгач, пропан нархини 10 мингга чиқишини кутишми? Қанақа коррупцион тўловлар ёки қийшиқ бюрократия чакана нархларни осмонга сакратаяпти? Истеъмолчилар кўр ёки кар эмаску? Катта кабинетларда ўтириб стратегик қарорлар қабул қилаётганлар биржа ва чакана нархлар нисбатини кузатмоқдами? Чакана ва биржа нархлари ўртасидаги улкан фарқ қаерда ва кимларнинг чўнтакларида гумдон бўлмоқда? Фақат, илтимос, яна бир марта шохобчаларнинг ўзларини балогардон қилманглар.