Онкология маркази ўрнида Бизнес офислар ва тадбиркорлик зоналарини қарорга кимлар қўштириб юборган?
Шаҳар маъмурияти Чилонзордаги Онкология маркази ўрнида ташкил этиладиган Ёшлар шаҳарчасида бизнес-офислар ёки бошқа тижорат объектларини қуриш кўзда тутилмаган дея ахборот бермоқда.
Бу ахборотни эртага Онкология маркази ўрни навбатдаги соққа-офисга айланиб кетмаслиги учун етарли асос, деса бўладими? Менимча, йўқ.
Чунки, биринчидан, шаҳар маъмурияти, мазкур 4 йилдан бери турли важлар келтириб эгаллаб олишга уринилаётган жозибали маконни тақдирини сўлим экопаркка айланишини аниқ қилиб белгилаб берган Президент фармонини, афсуски, эсламаган ҳам. Ҳар қандай таклиф этилаётган концепция ва лойиҳа учун шу фармонда кўрсатилган вазифа асос қилиб олиниши керак эди.
Иккинчидан, онкология марказига борган одамки билади, агар қарорда кўрсатилганидек, бу ерда бизнес-офислар, тадбиркорлик зоналари, стартап студияси ва коворкинг кабилар ташкил этилса, сокин ва осойишта яшил боғни унутса бўлади. Бу икки қарама-қарши мақсад, уларда ҳеч қандай узвийлик йўқ. Табиийки, бизнес инфратузилма ўтирган жойни бирин кетин тўймас бизнес манфаатлар эгаллайди (бу бўйича устидан, у ёнидан, бу ёнидан, орқасидан ғорат қилинган Миллий боғ мисолида охирги 10 йилда кўрмадикми, Дўстлик ва Қодирий боғида кўрмадикми, Ипакчиликда кўрмаяпмизми?).
Учинчидан, ишоралардан илғаш мумкинки, Онкология маркази ўрнини Ёшлар шаҳарчаси яратиш баҳонасида бизнес офисларга айлантириш манфаати ортида 4 йил аввал онкология марказларини сотувга чиқартирган кучлар тургандек (Мурод Муҳаммад Дўст таъбирида айтганда, “қулоқлари кўриниб” қолгандек). Айнан ўшалар қарор иловаларига апил-тапил “вергуллар орасида билинмай қолади дея” шу мақсадни қўштириб кетишгандек. Ёки ўшаларга йўқ деб бўлмаётгандек.
- https://t.me/poytaxt_uz/51594@poytaxt_uz
- https://t.me/the_bakiroo/5845@the_bakiroo
- https://lex.uz/uz/docs/8101201lex.uz
- https://t.me/the_bakiroo/9770@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/8078@the_bakiroo
- https://www.gazeta.uz/ru/2025/05/14/save-trees/gazeta.uz