Трампдан кейин
Дунё битта ноадекват раҳбардан қутулгани рост бўлсин. Балки бу ноадекват раҳбарлар даври тугашининг бошланишидир.
Америка ҳам, дунё ҳам Трампни яна тўрт йил кўтара олмасди. Энг ёмон хавотирлар ортда қолди.
2016 йилги сайловларда америка истеблишменти ўзининг имкониятларига ортиқча баҳо бериши, фуқароларнинг хоҳиш иродаларини манипуляциялаш оқибатлари ва ижтимоий фикрга Россиянинг бузғунчи аралашувлари оқибати ўлароқ ўта масъулиятсиз, Америка ва умуминсоний қадриятларни оёқ ости қилишдан тап тортмайдиган, сексист, ёлғончи ва қасамхўр Трамп ҳокимиятга келди ва бутун дунё америкаликлар билан бирга тўрт йил давомида бунинг оқибатларини ҳазм қилишга мажбур бўлди.
Албатта, Трампни юзлаб даъволар кутиб турипти.
Умрининг қолган қисми судма-суд ёки маҳкамаларда сўроқ беришда ўтади.
Трампга савол кўп, лекин меники кўп эмас:
Қайси ақл билан глобализация ва инсон ҳақлари қадриятларидан чекинилди?
Қайси ақл билан дунёни АҚШдан, АҚШни дунёдан мосуво қилиш йўлидан юрилди?
Луқмадорлар учун:
Мен демократик партия номенклатурасининг протежеси Байденнинг мухлиси эмасман.
Кампания бошида улуғ Сандерс бобо ва илк праймеризлардаги яққол вакил Буттижич қарашлари кўпроқ қўллашга эга бўлишини кутувдим.
Байден компромисс ва бир муддатли номзод эканини кўпчилик тушунади. Унинг миссияси Трамп бузғунчилиги асоратларини юмшатишдан ортиқ эмас.
Америка ўзгармоқда. Америка бутун дунё каби ёш, жинсий, ирқий, ижтимоий, диний, сиёсий эвирилишлар гирдобида. Янги, ёлғондан холи, ёш авлод келади. Умид шуки, Байден ўша янги авлодга кўприк бўлади. Бу кунлар яқин.
@the_bakiroo