Чирой очиб бораётган статистика
Расмий статистикага ишонилса, 2020 йил якунлари бўйича 11,1 фоизлик истеъмол нархлари ўсиши қайд этилган. Бу Ўзбекистонда 2017 йилдан буён энг паст инфляция кўрсаткичидир.
Декабрь ойи инфляцияси 1,6 фоиздан иборат бўлган.
Озиқ -овқат маҳсулотлари таркибида декабрь ойи давомида мева-сабзавот, тухум, ёғ ва сут маҳсулотлари энг кўп қимматлаган. Йил ҳисобидан олинса, нарх ошишида тухум, ёғ ва гўшт маҳсулотлари нархлари ўсиши етакчилик қилган.
Ноозиқ -овқат маҳсулотлари таркибида декабрда бензиннинг атиги 2,5%га, йил давомида эса 5,7%га ошгани қайд этилгани қизиқ.
Нархлар ошаётгани қай усулда қайд этилаётгани майли, лекин ҳар ойлик товар ва хизмат гуруҳлари бўйича истеъмол нархлари индексини ҳисоблашда исталганча манипуляция яратадиган вазнлар эълон қилингани йўқ. Бу масала 4 йилдан буён ёпиқлигича турипти.
Умуман олганда, статистик қайдлар ва рақамлар борган сари 2016 йилгача бўлган усул ва манипуляцияларни ёдга солмоқда. Бу кетишда 2021 йилда бир хонали инфляция рақамини қайд этиш ҳеч қандай муаммо туғдирмайди.