Памперс воситасида таланаётган ўзбекистонликлар ҳақида
Беҳзод Ҳошимов ёзаяпти:
"Ўзбекистонда памперслар жуда жуда қиммат.
АҚШга солиштирсак албатта.
Памперсларга божлар солиш ҳақида фақат ёмон сўзлар гапира оламан. Нейтрал сўз эмас. Ҳиссиётларга бериламан.
Сабрим чидамайди.
Памперсларни ювиб ишлатадиганлар жуда кўп ҳалиям".
Карантин чекловлари сабабли, тушунарли сабабларга кўра, 2020 йилда рекорд даражада туғилишлар рўй берди. Мамлакат туғилиш платосига чиқаётгани инобатга олинса, 2020 йил рекорди 2021 йилда яна янгиланади.
Юқори даражада қашшоқлик туфайли аксарият аҳоли қатламларининг памперсга имконияти йўқлиги, аёллар меҳнати шафқатсиз эксплуатация қилиниши туфайли улар чақалоқларни бешикка белашга мажбурлиги ва бешикка боғланган болаларнинг жисмоний ва руҳий мутеликка маҳкумлиги ҳақида ёзмоқчи эмасман ҳозир.
Ўзбекистонда памперслар давлатнинг маҳаллийлаштириш сиёсати туфайли қимматлиги ҳақида ёзмоқчиман. Келинг, халқни қашшоқлаштиришга элтган бу аҳмоқона ва разил сиёсат қандай бошланганини эслайлик:
1.Нолинчи йиллар ўрталаригача памперсга бож умуман бўлмаган, аҳоли харид қобилияти ҳам паст даражада бўлган ва табиийки памперс деярли импорт қилинмаган.
2. 2007-2008 йилларда аҳоли харид қобилияти кескин ўсишни бошлаган, ўз-ўзидан импортга талаб ортган, турмуш даражаси ортиши, туғилиш ортиши кетидан памперс импорти ҳажми ўса бошлаган. Қолоқ ва ёпиқ мамлакатларда ўсиш зоналарида монопол эгалари паразитдек пайдо бўлади одатда. 2009-10 йилларга келиб, иккита ё учта памперс қироллари Ўзбекистонга памперс импортини тўлиқ ўз назоратига олишган.
3. 2011-12 йилларда конвертация чекловлари роса авжига чиққан пайтда конвертацияни фақат технологияга ёки импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш учунгина олиш мумкин эди. Памперс қироллари бундан усталик билан фойдаланишган ва асосан паст сифатга эга ярим тайёр памперс маҳсулотларни хом-ашё сифатида келтириб миллий бренд ёрлиғида чиқаришга ўтишган. Айни вақтда улар импортни ҳам тўхтатмаган. Бозордаги талаб сегментлашганидан фойдаланиб фойдасини янада кўпайтиришган.
4. Сифатсиз "маҳаллийлаштирилган" памперсларни агар чегаралар ёпилмаса, фақат детдомларга ёки қариялар уйига ўтказиш мумкин эди. Бозорда уларни сотиб бўлмасди, импортга сифатдаям, нархдаям рақобат қила олмаслиги учун. Табиийки, памперс қиролллари "ички бозорни ҳимоя қилиш учун" ва бошқа импортерларни синдириш мақсадида бож лоббисини кўтаришган. "Ички бозорни ҳимоя қилиш" шиори қайси ўғри чиновникка ёқмайди, айниқса бу унга моддий манфаатли бўлса?
5. 2017 йилга келиб конвертация чекловлари олиб ташланди. Лекин памперс импорти билан шуғулланувчи янги импортерлар пайдо бўлгани йўқ, бунга уринганлари ҳам ўғри чиновниклар билан келишилган ҳолда бемалол "синдириб юборилади". Чунки улар учун аждарҳоча божлар ва нотариф чекловларнинг қўлланилиши кифоя. Маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарувчи памперс қироллари эса "хом-ашё импорти" ниқоби остида бемалол памперс импорти билан ҳам машғул. Бошқача айтганда, памперс ишлаб чиқаришни "маҳаллийлаштирганлар" импортни ҳам ўзаро бўлиб олишган, улар феълан бож тўламасдан импорт қила оладилар.
Сиз "маҳаллийлаштириш" лўттибозликлари фақат маҳаллий автосаноат ва электросаноатда бор деб ўйлаганмидингиз?
@the_bankiroff