69 ёшли Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Конституциявий суд раиси этиб сайланди
Бу сафар ҳарқалай Конституцион суд тўғрисидаги қонуннинг 6- моддаси талаблари, яъни Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши қоида тариқасида етмиш ёшни ташкил этади, деган қоидаларга амал қилинди. Лекин Абдусаломов келаси йили 70 ёшни қаршилайди.
Ўтган йили Конституциявий суднинг раиси Бахтиёр Мирбобоев қонунга хилоф равишда 5 марта сайлангани, шунингдек, раиснинг ёши борасидаги чекловга ҳам амал қилинмаганлиги ҳақида бир қанча эътирозли саволлар пайдо бўлганди.
Ўзбек номенклатурасининг бир неча ўнйиллик доимий ва ишончли вакили Мирзо-Улуғбек Абдусаломов ўлик институтга айланган Конституцион судга жон киргазадими ва унинг фаолиятида амалдаги қонунларга мутаносиблик тўла таъминланадими, ҳозирча бир нарса дейиш қийин.
Масалан, Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи мақомида қўшилиши Ташқи сиёсат концепциясига мослигига баҳо берилса, ёки нега Концепция халқдан яшириб қўйилганига изоҳ берилса бўлади. Ёки бўлмасам, бир неча миллиард долларлик энергетика ва металлургия активлари нега россиялик олигархларга таалуқли компанияларга ишончли бошқарув ниқоби билан топшириб юборилганига Конституциявий баҳо бериш мумкин.
Нима бўлгандаям, Қонун ва сиёсий жараёнларнинг Конституцияга мос ва мосмаслик бўйича саволлар юзага келганда навбатчи Акмаль ака Саидов эмас, Конституцион суд кун тартибида туриши лозим.
Шу билан Конституцион суд тўғрисидаги навбатдаги янгилик унинг таркибига пенсияга кузатилган чиновник қўшилгани ёки Раиснинг ёши билан боғлиқ қонун бузилишларига таалуқли бўлмайди, деб умид қилиб қоламиз.
- http://advokatnews.uz/xabar/1875.htmladvokatnews.uz