📚 Madina Musayeva 🎧 kanalidan
Қаттиқ гумбурлаш овози ва устимизга океан суви каби ёпирилган майда синган ойна бўлаклари. Худди секинлаштирилган кино каби. Кимдир “уруш бошланди” деб қичқирди. Физика дарсимиз шу тарзда узилди. Ҳамма коридорга чопди.
Мен аниқ ўша дамда нима ҳақида ўйлаётган эканман? Чунки, ҳозир орқага қарасам, бизнинг шунчаки омадимиз келгани ва соғ қолганимизни тушунаман. Ҳамма нарса тез бўлди, лекин менга секиндек кўринади.
Ўша гумбурлаш, чопаётган болалар ва жуда илиқ офтобли кун баъзан тушларимга киради.
Мактабим банкнинг тўғрисида, йўлнинг нариги бетида эди. Ўртада трамвай йўли. Болалар бирданига ойналар устидан чопиб зина тарафга чопишди. Битта ҳам соғ ойна қолмаганди, коридорда майда ойна бўлакларидан “гилам” тўшалганди. Кимдир йиқилди, унинг устидан чопиб ўтиб кетаверишди. Мен ва синфдошим курткаларимизни олиб бошқа зинадан тушдик — эски мактаб биноси шунча бола бирданига чопганини кўтарганининг ўзи мўъжиза. Ҳовлида турганимизда трамвай йўлида ўликлар ётгани ҳақида ваҳима кўтарилди.
Кейинги кунларда мактабимиздан телевидение аримай қолди. Биздан интервью олишди. Мендан бу ишларни қилган одамлар ҳақида фикримни сўрашди. Нимадир дедим, мухбир бошини чайқади. Ёқмади. Бошқа аълочи қиз яхшилаб интервью берди. Ўқитувчим олдида ҳижолат бўлдим интервьюни бузганимга. Ҳозир эсласам, кечагина травма олиб, эртасига камера олдига чиқариб қўйилган бола-ўзимга раҳмим келиб, қучоқлагим келади.
Икки йил аввал синфдошларимни узоқ вақтдан кейин кўрдим. Биринчи марта шунча вақт ўтиб шу воқеаларни эсладик. Ўша пайтда сезмаганимиз, агарда мактаб биноси йўлга биқини билан эмас, йўлга қараб турганида аҳвол жуда йиғлашли тугаган бўларди, дедик. Мен биринчи марта ўйланиб қолдим: уччала опа-сингил бирваракайига мактабда эдикми?
Ҳали хам билмайман аниқ нима ва нима учун содир бўлганини. Фақатгина ўша гумбурлаш, чопаётган болалар ва жуда илиқ офтобли кун ҳиссини бошқа эсламасликни истардим. Ўша кундан гўёки барча нарса ўзгарди: мактаб, ТВ, сиёсат.
Бизни худди катталар оламимиздан юлиб олиб, ўз оламларига улоқтиришди. Мен сездим: ўша куни болалигим тугади.
👉 @madnifique 👈