Грузия Россияга ўхшаб бормоқдами?
Бугун Грузияда Саакашвилининг сафдоши, мухолифатдаги "Ягона миллий ҳаракат" партияси лидери Никанор Мелия қўлга олинган. Грузия демократик тараққиёт йўлига тушиб олгандан буён юқори мартабали мухолифат вакилининг қўлга олиниши биринчи марта юз бермоқда.
Воқеаларнинг боши 2019 йил июнь ойига бориб тақалади. Ўшанда Россия думаси депутати Сергей Гаврилов ўзбошимчалик билан Грузия парламентига ташриф буюргани, спикер креслосига ўтириб олиб рус тилида маъруза қилгани грузияликларнинг иззат-нафсини оёқ ости қилганди. Грузия мухолифати рус депутати томонидан амалга оширилган провакацияга қарши норозилик намойишларини ўтказган ва намойишларда Никанор Мелия етакчи бўлган.
2013 йилдан бери иқтидорда қолаётган ва олигарх Иванишвили назорати остидаги амалдаги ҳукуматнинг 1,5 йил аввал бўлиб ўтган воқеаларда Никанор Мелияни зўравонликда айблаш ва қамоққа олиш ҳаракатларига норозилик сифатида ўтган ҳафта Бош вазир Георгий Гахария истеъфо берган.
Янги бош вазир Гарибашвили эса, афсуски, ўз ишини мухолифат офисида сафдошлари билан қолаётган Мелияни қамоққа олишдан бошлаган ва бугун бу вазифа уддаланган.
Грузияда бўлиб ўтаётган воқеалар Европа ва АҚШ расмийларининг эътирозлари ва ташвишларини уйғотган. Чунки ҳеч бир нормал ва демократик давлатда мухолифат лидери қамоқда ўтирмайди.
Шу соатларда мухолифат Тбилиси ва Батумида катта намойишларга тайёргарлик кўрмоқда. Асосий талаб Никанор Мелияни озод қилиш ва янги парламент айловларини ўтказишдан иборат.