Бизга индикаторлар керак
Карантин чекловларидан кейин иқтисодиётнинг тикланиши осон кечмаяпти. ЯИМ, ташқи савдо, инфляция ва даромадлар, шунингдек бюджет билан боғлиқ статистикани кузатиб бораётганлар буни билиб туришипти.
Лекин кузатувчилар учун эмас, фаол ўйинчилар учун, айниқса доим рискка мойил бизнесга, истеъмолчиларга макростатистика бераётган сигналлар етарли эмас.
Масалан, супермаркетлардаги ўртача чек миқдорининг ўзгариб бориши ва қай томон ўзгараётганлиги чакана савдо учун жуда муҳим сигнал.
Ёки бўлмасам, ҳафталик ёки ойлик бензин (газ ёқилғиси) сотувлари ҳажми транспорт, логистика ва умуман олганда иқтисодий жонланишнинг лакмус қоғози ҳисобланади.
Худди шунингдек янги сотилаётган уй-жойлар ҳажми, ўртача битта ипотека ҳажми трендларига қараб фойдали прогнозларга ва демакки, тўғри қарорларга келиш мумкин.
Энг муҳими индикатор ахборотларни йиғиш, қайта ишлаш ҳозирги рақамли даврда катта муаммо эмас. Ҳарқалай макростатистикани яратишдан кўра кўпроқ меҳнат ва харажат талаб этмайди.
Қолаверса умумқабул қилинган макростатистик кўрсаткичларнинг ўрни ва аҳамияти тобора емирилиб бораётганини ҳам унутмаслик лозим.
@the_bankiroff