24K154Telegramda ochish
Муштипар Она ва 30 ёшли Бевалар - бу уруш ҳайкали Авлоддан авлодга ўтиб келаётган хотиралардан нималарни эслайман? Қўрага ташланган очилмаган кўсак, чигити озуқа, чувала пахтаси колхозга кунлик норма. Совуқ. Очлик. Қайнатилган пишмаган бошоқ. Машоқ. Ёрма. Колхоз раисининг ўзи тўқайзорга яширган 18 ёшли йигитлар. Ўлимхатнинг ҳар кунлик қўрқуви. Яна уруш тугагач, қишлоқда 4-5 йил бола туғилмаганлиги ҳақида кўп гапиришарди. Чунки уруш қатлиомига олишга улгурмаган бўз болалар йигит бўлиб фарзанд кўрмагунича туғдирадиганнинг ўзи бўлмаган. 30 ёшида кампир бўлиб қолган аёллар ҳақида жуда кўп эшитганман. Айрилиқдан қуриб, қовжираб, оғир меҳнатдан букчайиб қолган кампирлар. Бугун кимдир ёзди - "Бизда тирик қолган солдат-автомат-танкагамас, ана шу фарзандини кутаётган онага ҳайкал қўйилган. Ва бу урушга энг тўғри ёдгорлик". Ҳа, шундай. Муштипар Она ва кейин 30 ёшли Бевалар - бу уруш ҳайкали. Қон кечган, асир тушган, урушни бошидан охиригача қандай даҳшат бўлса, кўрган деб айтиладиган оқсоқолларни кўп эслайман. Лекин уларни уруш ҳақида сўз очганини, тўни, кастими ёки яктагига орден-медалини тақиб ястанганини, мақтанганини кўрмаганман. Уруш даҳшатларини, бузган тақдирлар, яралаган қалблар, қолдирган оғриқларни бола ўлароқ ўзида кечирган ва ҳис қилган Каримов 9 майни "Хотира ва Қадрлаш" куни дея эълон қилганида бу ишни кимгадир аччиқ ёки сиёсат қилиб амалга оширмаган. 1999 йилда ҳали 9 май фетишизмга ва янги истило мафкурасига айланиб улгурмаганди. Урушни халққа кетирган фожеасини Каримовга кимдир сўзлаб бериши шарт бўлмаган. Урушни томоша, романтика, ҳарбий техника, совет аскари формасида ясанган хипча қизлар ва кўркам йигитлар қиёфасида тақдим этаётган ҳозиргиларда ҳам оғир хотиралар бор. Мен бунга ишонаман. Уруш келтирган майиблик ва мажруҳликни байрам қилиб чиқариб бўлмаслигини тушуниш учун эслаш, хотирлаш кифоя. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin