Дам олиш кунлари ЯИМ ўсишдан тўхтаб қолмайди
Ўзбек чиновникларининг энг катта қўрқувларидан бири бу дам олиш кунлари. Қани энди, шанба-якшанба ҳам, байрам кунлари ҳам ҳаммани ишлатишса. Гўёки ходимлар кўпроқ дам олворса, ёки меҳнат таътилидан 2 ҳафтадаёқ қайтмаса, иш интизоми ва субординация бузилади. Уларнинг ўлчови бўйича ходим байрам ёки дам олиш куни кечаси соат 10да ҳам қуллуқ қилиб, ёки хўжайин, рухсат берсангиз уйга кетсам, деб турса.
Гап шундаки, дам олиш ёки байрам кунлари ҳам ЯИМ яратиш давом этади. Фақат унинг мундарижаси ўзгаради. Иқтисодиётнинг савдо, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш тармоқлари шу кунларда саноат, қурилиш каби тармоқлардаги йўқотишлар ўрнини ортиғи билан қоплайди. Дам олиш кунлари истеъмол суръати бир неча ўн фоизга юқори бўлади. Ўзбекистон бюджетининг мутлақ кўпчилик қисмини истеъмол солиқлари ташкил этади. Демакки, дам олиш ва байрам кунларидан бюджет ҳам ютади.
Шундай экан, 3 кун ёки боринг ана 4 кунлик кетма-кет дам олиш кунлари эълон қилишдан асло чўчимаслик лозим.
Дарвоқе, дунёнинг аксар мамлакатларида агар байрам кунлари дам олиш кунларига тўғри келиб қолса, қўшимча бир кун дам олиш куни дея эълон қилинади. Адашмасам, фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда (балки Шимолий Кореяда ҳам) бундай қоидалар мавжуд эмас. Масалан, байрам куни - 9 май - Хотира ва Қадрлаш куни якшанбага тўғри келди, демак меҳнаткашлар қўшимча бир кунлик дам олиш кунига ҳақлари бўлиши лозим.
Умид шуки, ҳозирда муҳокамада бўлган Меҳнат кодекси талабларида шу қоидалар акс этади.
@the_bakiroo