Янги ўзбек клондайки
Бугун давлат раҳбари ташаббуси билан ўзлаштиришга старт берилган “Ёшлик-1” кони ҳеч бир муболағасиз янги ўзбек клондайки ҳисобланади.
Конда миснинг ялпи захираси 45 миллион тоннани, олтин захираси эса 5 минг тоннадан зиёд эканини бугунги нархларда ўзингизга тасаввур этиб кўринг. Бу камида 400 млрд.долларлик мис ва 300 млрд.долларли олтин дегани.
Ўзбекистон ҳозирда мис ишлаб чиқарувчи энг йирик 20та давлат қаторига киради. Турли манбаларга кўра, мамлакат йилига 120-150 минг тонна мис ишлаб чиқаради ва агар "Ёшлик-1" кони тўлиқ ўзлаштирилиб, мис бойитиш фабрикаси ишга тушса, ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 400 минг тоннагача ошириш мумкин.
Албатта бу каби мегалойиҳалар катта ва баҳолаш қийин бўлган рискларни ҳам ўзида жамлайди. Ички ресурслар ва ташқи инвестициялардан самарали фойдаланиш, комплексга таалуқли ҳар бир кичик лойиҳаларда энг манфаатли ва афзал таклифларни қабул қилиш эҳтимолий рискларни камайтиради. Бундан нафақат комплекс, балки бутун Ўзбекистон ютади.
Мис ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш яна шуниси билан истиқболлики, бутун дунёда янги иқтисодий секторларда мисга бўлган талаб жуда тез суръатларда ошмоқда. Шу йилнинг ўзида мис нархлари 25%гача ошди.
Агар тенденциялар сақланса, Ўзбекистон экспорти таркибида мис экспортидан тушумлар олтин экспорти тушумларини ҳам ортда қолдириши мумкин. Бу экспорт диверсификацияси учун ҳам ва умуман мамлакат иқтисодиёти учун ҳам янги гиперўсиш нуқтаси бўлади.