Шахсий истеъмолдаги даромадлар улуши ва ҳажми ошиб кетгани методологиядаги ўзгаришлар билан изоҳланмоқда
Аҳоли даромадлари статистикасида шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадлар улушининг бирданига 3 баробар кўп қайд этилгани юзасидан Статистика қўмитаси изоҳ ва тушунтиришлар тақдим этмоқда.
Қайд этилишича, бу шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматларидан олинган даромадларга бозор учун мўлжалланмаган ва уй-жой эгаларининг ўз уйида яшаши бўйича шартли хизматларини ҳам киритиш юзасидан методологиядаги ўзгартиришлар туфайли юз берган.
Хусусан, агар инсон уй-жойни ижарага олса ва ижара тўловини амалга оширса, бу ҳолат иқтисодий операция ҳисобланади ва ўз навбатида, хизматлар соҳаси кўрсаткичларини шакллантиришда ҳисобга олинади. Агар инсон ўз уйида яшаса ва бунинг учун ижара пули тўламаса, амалда ҳеч қандай иқтисодий операция амалга ошмаган ҳисобланади. Аммо, бундай ҳолатда МҲТ методологиясига кўра уй эгаси, агар у худди шундай уйни ижарага олганида, тўлаши керак бўлган маблағ миқдорида шартли даромад олиши кераклиги ва бу даромадга тенг бўлган шартли яшаш хизматлари ҳисобга олиниши кўзда тутилган.
- https://t.me/uzstataxborot/20808@uzstataxborot