Нур-Султон
Евроосиё медиафоруми доирасидаги тадбирлар сабаб бир неча кундан буён Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳридамиз.
Шаҳарда четдан келганда эътибор тортадиган жиҳат ҳамма нарсанинг янгилигида, ёрқинлигида ва айниқса архитектурада ҳаддан кўп эксперимент қўлланилганида.
Ҳавоси кундузи, агар қуёш бўлса майин, ёқимли. Лекин емғир бўлса ва кўп кузатиладиган изғиринли шамол, тунги совуқ чақиб олади. Масалан, ҳозир ҳарорат 2 даража. Қақшатадиган изғирин.
Нур-Султонда куз жуда чиройли ва ҳар қадамда унинг гўзаллиги сезилади. Кеча яшиллигини йўқотмаган дарахтзор бугун қарасангиз сап-сариқ олтиндай.
Озиқ-овқат, алкоголь, кийим-кечак Тошкентга қараганда анча арзон. Бензин ҳам. Умуман истеъмол эркинлиги ва танлови биздан каррасига баланд.
Уй-жой нархи категория ва сегментларга қараб Тошкентдан ўртача 1.5 баробар қиммат. Лекин биз билан мулоқотдан бўлганлардан сўраб билдикки, ижара арзонроқ экан. Балки бу таклифнинг жуда кўплигидандир.
Лекин сервис анча қиммат, хусусан ресторан ва кафелар ўта қиммат. Шаҳарликларнинг турмуш даражаси юқорилиги сезилиб туради.
Нур-Султонни нафақат пойтахт, банкирлар шаҳри дейиш ҳам мумкин. Ҳар қадамда банк ёки банк шоҳобчалари. Россиянинг банклари ҳам қозоқ банк тизимини фаол ўзлаштиришмоқда. Қозоқ банклари аввалбошдан очиқ бозор принципларида иш ташкил этишгани учун
ҳозирча рақобатга дош беришмоқда.
Шаҳар нуфусида қозоқ миллати мутлақ кўпчиликни ташкил этади. Кузатдикки, қозоқ дўстларимиз ўзаро мулоқотда асосан рус тилидан фойдаланишади. Айни пайтда қозоқ тилига эътибор жуда юқори. Лавҳа ва ёзувларда, расмий ҳужжатларда қозоқ тилидаги матнлар бошқа тилдаги ёзувларни доим такрорлайди.
Дарвоқе, қозоқ дўстларимиз ҳам лотин ёзувига ўтишмоқда. Лотин ёзувидаги қозоқча матнлар ҳозирча асосан сарлавҳа ва шиорларда.