Улуши камайиб бораётган давлат банклари, муаммоли кредитларнинг ўсиши, даромадлиликнинг пасайиши - 2021 йилда банк тизимининг асосий якунлари
2021 йилнинг энг асосий воқелиги бу шубҳасиз, давлат банклари улушининг янги даврда илк марта камайишни бошлаганидир. Йил давомида давлат банкларининг активлардгаи улуши 85%дан 81%га, капиталдаги улуши 84%дан 81%га, кредитлардаги улуши 88%дан 86%га, депозитлардаги улуши эса 72%дан 67%гача пасайган. Бунга аввало давлат банкларининг трансформация жараёнларига қарамай, очиқ бозорга кўника олмаётгани сабаб бўлган бўлса, бошқа тарафдан янги ва аввалдан мавжуд хусусий банкларнинг ҳаддан зиёд фаоллиги асосий омил бўлган. Хусусий банклар барча секторларда тезроқ ўсган. Шунингдек, Азия Альянс банкнинг давлат эгалиги банкнинг аввалги мусодара қилингунча хусусий акциядорига қайтариб берилгани ҳам ўринга эга бўлган. Лекин том маънода биронта давлат банкини хусусийлаштириш мантиқий ниҳоясига етказилгани йўқ.
Иккинчи кўзга ташланадиган воқелик муаммоли кредитларнинг ўта жиддий тарзда ошиши ва аввалги йилларда кузатилмаган миқдорда захиралар яратилиши билан боғлиқдир. Гарчи йилнинг охирида турли йўллар билан NPL даражасини 5,2%гача пасайтиришга муваффақ бўлинган бўлсада, бутун йил давомида банкларнинг асосий муаммоси айнан муаммоли кредитлар бўлди. Энг катта муаммолар давлатнинг энг катта қўллови ва аралашуви мавжуд бўлган Халқ банки ва Микрокредитбанкда кузатилди ва афсуски, 2022 йилда ҳам шундайлигича қоладиган кўринади.
Пандемия ва унинг оқибатлари банк тизими даромадлигига 2020 йилда эмас, 2021 йилда росмана зарба берди. Йил якунлари бўйича активлар рентабеллиги 1,3%гача, капитал рентабеллиги 6,1%гача пасайиб кетди. Аксар давлат банкларининг рентабеллиги инфляцияни қоплаш даражасигача ета олгани йўқ.