Iqtisodchi Kundaligi kanalidan
Мен ташқи ишлар ва ҳарбий масалаларда кўп нарсани биламан дея олмайман, лекин ҳозир Россиядан янгиликларни ўқисак қуйидаги мантиқ чиқяпти: Украина Донбасга кириш учун 8 йил кутиб, бутун Россиядан йиғилган 169 минг рус солдати Украина чегараси атрофига тўлиқ ҳарбий тайёр бўлиб келишини кутиб, бор Россиядаги ҳарбий техникани учдан бири мамлакат чегарасини уч томондан ўраб олишини кутиб, шимолдаги чегарада стратегик атом кучларини ҳарбий машғулотлари бошланган бир пайтда, ҳарбий юриш қилишга аҳд қилди дейишмоқчи бўлишяпти.
Бордию ростдан ҳам Украина Донбасга ҳарбий юриш қилмоқчи бўлганида (ундай эмас, фараз қилайлик демоқчиман), бундан ҳам ёмон фурсат назарий жиҳатдан ҳам мавжуд эмаску? Яъни, “казус белли» иложи борича ишонарсиз чиқиш деган мақсад борми деган риторик савол тугилади.
Табиийки, ғарбликлар ҳеч қандай ёрдам бермасликлари ҳақида юзлаб марта таъкидлашлари, қулоққа жуда ғалати эшитилади. Лекин дунё шундай экан, АҚШ бошчилигидаги «ғарб» ниҳоятда изоляционист. Дунёда нима бўлаётгани билан, ташқи сиёсат билан умуман қизиқишмаяпти. Буни сабаби сиёсатчиларда эмас, сайловчиларда. Охирги сўровлар шуни кўрсатяптики, АҚШда яшайдиган инсонлар кескин изоляционистларга айланиб боришмоқда. Ўз оролида яшашмоқчи. Дунёда нима бўлса бўлсин, имкони борича АҚШдан узоқ бўлсин деган бир фалсафада яшашмоқда. Бу изоляционизм ёш билан жуда боғлиқ яъни ёшлар анча изоляционист. Сиёсатчилар ўз сайловчилари нимани талаб қилишса — шуни қилишмоқда.