Россия суверен рейтинги дефолт ёки дефолтдан олдинги даражагача пасайтирилди
Moody's Россиянинг суверен рейтингини яна 4 поғонага Са'гача пасайтирди.
Са рейтинг баҳоси дефолт ҳолатидаги ёки дефолтдан олдинги вазиятга тушган эмитентлар ва давлатларга нисбатан қўлланиладиган тасниф. Рейтинг прогнози негатив, яъни тез орада энг қуйи С даражагача тушиб кетиши мумкин (масалан, Венесуэла шундай рейтингга эга).
Агентликнинг бундай баҳосига кеча Россия Марказий банки томонидан ташқи мажбуриятларни бажариш бўйича эълон қилган чоралари ҳам қисман туртки бўлган. Яъни, Россия ва унинг эмитентлари қарзлари бўйича ё мажбуриятларини тўлашда алоҳида рухсат чоралари қўллайди, сўндириш тўғрисида рухсат берилса, мажбуриятлар рублда тўланади.
Кучли учликдаги қолган рейтинг агентликлари ҳам бугун шу каби қарорларни эълон қилишлари эҳтимоли юқори. Эртага тубдаги россия рублини янада оғир вазият кутади (Россия фонд бозори 9 мартгача очилмайди).