Марказий банк ташқи иқтисодий шароитлар ҳақида
Асосий савдо-ҳамкор давлатларда кузатилаётган иқтисодий вазият, уларнинг валюта курсларидаги кескин тебранишлар, жаҳон хомашё ва энергия бозорларида нархларнинг ўсиши макроиқтисодий жиҳатдан ноаниқликлар ва хатарларни оширмоқда.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари орасида ўтказилган сўровлар уларнинг девальвацион кутилмаларида сезиларли ўсиш кузатилаётганлигини кўрсатмоқда.
Айни пайтда мазкур омиллар турли каналлар орқали ички макроиқтисодий барқарорликка қисқа ва ўрта муддатли истиқболда салбий таъсир кўрсатади.
Бунда қисқа муддатли таъсирлар экспортдан тушумлар ва мамлакатимизга пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши ҳисобига ички валюта бозорида таклифнинг қисқаришида, импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархининг қимматлашиши орқали ички нархларнинг ўзгаришида намоён бўлса, ўрта муддатли таъсирлар ташқи ва ички талабнинг қисқариши ҳисобига иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига тегишли босим кўрсатади.