17K68Telegramda ochish
Мухолифига юқори лавозим берган Ислом Каримов Ҳозирда матбуот эркинлиги ҳақида гап кетганда, ўзбек матбуотининг энг эркин даври ўлароқ 2017-2019 йиллар кўрсатилади. Бўлиши мумкин. Лекин 1990- йиллар аввали матбуотидаги эркинлик, кенглик ва диалектика сифати 3 йил аввалги матбуотимиздан асло кам бўлмаган. Совет маконидаги якун - 1980- йиллар охиридаги матбуот эркинлиги ва сифатига етишимизга эса ҳали кўп ва хўб ҳаракат қилишимизга тўғри келади. Лекин мен ўзбек матбуоти эркинлигининг энг баланд платоси дея 1917 йил февраль инқилобидан кейин токи Туркистон мухторияти қонга белангунча бўлган давр деб ҳисоблайман. балки вақти келиб, ёпиқ архивлар очилиб, Дарёўзга ўхшаган ОАВлар бу давр матбуотини ҳам бир элакдан ўтказар. Ҳозирча эса 1990- йиллар муҳитига ўша давр матбуоти билан қарашда давом этамиз. Роппа-роса 30 йил аввал Ислом Каримов Ойбек домланинг ўғли, академик Бекжон Тошмуҳамедовни Олий аттестация комиссияси раиси этиб тайинлайди. Қаранг, бу ҳақда "Халқ сўзи" нима деб ёзмоқда: "Бу (тайинлов) жуда катта воқеа бўлди. Очиғини айтайлик: Бекжон Тошмуҳамедовнинг бу лавозимга тайинланиши кўплар учун кутилмаган воқеа бўлди. Чунки Бекжон Ойбекович кўпгина масалаларда президентга мухолифлик мавқеида туради. Ана шундай пайтда бирдан кутилмаган қарор қабул қилинди. Маълумки, муайян доираларда давлат бошлиғи барча нуфузли лавозимларга ‘ўз’ одамларини тайинлайди, деган фикр бор". Бекжон Тошмуҳамедовнинг ўзи эса тайинловга шундай баҳо беради: "Аввал шуни айтиб қўяй: амалий мухолифликда эдим. Бундай мухолифлик эса, маълумки, идора этаётган ҳокимиятга ёрдам беради, ҳокимият камроқ хато қилади, ўзига талабчанроқ бўлади".

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin